Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров соғлиги туфайли лавозимидан озод этилди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги видеоселектор йиғилиши кун тартибидаги навбатдаги масала – қурилиш ва транспорт комплексидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Қурилиш соҳаси ярим йилда 10 фоизга ўсиб, 80 триллион сўмга етди. Шундай бўлса-да, хотиржамликка берилмай, қурилишда таннархни пасайтириш бўйича жиддий шуғулланадиган вақт келгани таъкидланди.
Қурилиш таннархи фақат ер ва қурилиш материалларига боғлиқ эмаслиги, техник талабларни мослаштириш, лойиҳани келишиш, қурилишга рухсат олишдаги мураккаб тартиботлар ҳам таннархга таъсир қилиши қайд этилди.
Бу борадаги жараёнлар такомиллаштирилиб, тадбиркорлар учун шароитлар яхшиланса, қурилиш материаллари, элтехсаноат, ипотека хизматлари каби ёндош соҳалар ривожланишига катта туртки бўлади.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ботир Зокиров соғлиги туфайли лавозимидан озод этилди, вазирнинг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Шарҳлар