Юнусободда қувур ёрилиши оқибатида 80—85 минг куб метр ичимлик суви йўқотилган
Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Мойқўрғон ва Қорақамиш кўчалари кесишмаси остидан ўтган 800 диаметрли магистрал сув қувури тешилиб, атрофни сув босгани ҳақида хабар берилган эди. “Ўзсувтаъминот” АЖ раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Юнусободдаги қувур ёрилиши оқибатида қанча ичимлик суви йўқотилгани маʼлум қилинди, деб ёзади “Daryo.uz”.
“Ўзсувтаъминот” бўлими бошлиғи Асилжон Муҳиддиновнинг сўзларига кўра, юз берган носозлик бевосита 1970−1975 йилларда тортилган сув қувурларининг бугунги кунда таʼмирталаб аҳволга келгани ва ўша тармоқда ортиқча босим пайдо бўлгани оқибатида кузатилган.
Унинг айтишича, бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, носозлик жараёнида 80−85 минг куб метр миқдоридаги ичимлик суви йўқотилган.
“Бу Тошкент шаҳрига бир кунда узатилаётган ичимлик сувининг 3,2 фоизини ташкил қилади… Агар биз тармоқларни рақамлаштириб, уларнинг босимини онлайн бошқарадиган ускуна ва жиҳозларини ўрнатмас эканмиз, тармоқнинг қайсидир нуқтасида авария содир бўлишини олдиндан била олмаймиз. Мана шу ишларни амалга оширсак, тармоқни тўлиқ назорат қилиш ва носозликларнинг олдини олиш имконига эга бўламиз”, — дейди “Ўзсувтаъминот” вакили.
“Ўзсувтаъминот” АЖ бошқаруви раис ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевнинг таъкидлашича, авария диаметри 1200 миллиметрли қувурнинг 800 мм бўлган қувурга уланган қисмида содир бўлган.
“Ушбу ҳодисада йўқотилган ичимлик суви зарари аҳоли ёки ўша ҳудуддаги истеъмолчилар бўйнига ҳисобланмайди. Юқорида айтганимиздек, техник йўқотишлар аввалдан кўзда тутилади. Агар йил давомида 17 фоиздан ошадиган бўлса, қувур эгаси, яъни бизнинг ташкилот зарари ҳисобланади, табиий йўқотиш, деган мазмунда зарар қопланади. Бу ҳеч қанақасига истеъмолчилар бўйнига тушмайди”, — дейди Хуршид Раҳматуллаев.
Шарҳлар