Bo'limsiz

Рақобатни ривожлантириш қўмитаси ZoodPay платформасига нисбатан иш қўзғади

Фото: ZoodPay

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан республика ҳудудида фаолият юритаётган “Zoodpay” платформасига нисбатан иш қўзғатилди. Бу ҳақда қўмитанинг матбуот хизмати хабар беради.

Бунга “Zoodpay” (“Zoodpay” МЧЖ)  савдо белгиси остидаги микрокредитлаш корхонаси таъсисчиси ҳисобланган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ ҚКси устав фондининг 99,99 фоиз улушини монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олмасдан Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “Zooduz Holding Limited” компаниясига сотиш бўйича  битим тузилганлиги сабабчи бўлган. Ушбу битимни тузиш бўйича ҳаракатлар амалдаги Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 17-моддаси иккинчи қисми талабларига зид ҳолатда амалга оширилган, дейилади хабарда.

Яъни ушбу моддага мувофиқ, қуйидаги ҳолларда монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилигини олиш зарур бўлади, агар: бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) 50 фоизидан ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса; битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса.

Ўрганиш жараёнида улушлари сотилаётган “Orientswiss Tashkent” МЧЖ ҚКнинг активларининг баланс қиймати ҳамда товар айланмаси БҲМнинг 100 000 баравари миқдоридан ортиқлиги аниқланди. Қўмита томонидан ушбу ҳолат юзасидан рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексида белгиланган жавобгарликни қўллаш чоралари кўрилмоқда, – дея хабар беради қўмита.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.