Рафаҳдаги қочқинлар лагерига уюштирилган ҳужумда 35 киши ҳалок бўлди

Фото: REUTERS

Исроил мудофаа кучларининг (ИМК) Рафаҳдаги қочқинлар лагерига берган зарбаси оқибатида 35 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Аммо бошқарма ҳамон ярадорлар сонига аниқлик киритмаган.

Хабарга кўра, ҳалок бўлганларнинг аксарияти аёллар ва болалардир. Исроил мудофаа кучлари Рафаҳга берилган зарбада ХАМАСнинг икки юқори мартабали амалдори Ясин Рабиа ва Холид Нагар ҳалок бўлганини айтган. Исроил ҳарбийларининг маълум қилишича, зарба “бир неча” тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган.

Рафаҳга ҳужум қурбонлари Ал-Жазира билан суҳбатда қочқинлар мажмуасига қилинган ҳужум натижасида бутун бир маҳалла ёниб кетганини маълум қилишган.

Исроил мудофаа кучлари баёнотида айтилишича, қароргоҳга қилинган ҳужум ХАМАС жангариларини йўқ қилишга қаратилган. Хусусан, зарбада ХАМАСнинг икки вакили Ясин Рабиа ва Холид Нагар ҳалок бўлган. Исроил мудофаа кучларининг даъво қилишича, улар ҳаракатнинг Исроил ҳудудига қилган ҳужумлари учун маблағ йиғишган. “Биз зарба ва ёнғин натижасида ҳудуддаги бир неча тинч аҳолининг жароҳатлангани ҳақидаги холатлардан хабардормиз. Ҳодиса тергов қилинмоқда”, — дейилади Исроил армияси баёнотида.

 

Тайёрлади: Anhor.uz амалиётчи мухбири,

Ўз ЖОКУ 4-босқич талабаси

Ёқутхон Содиқжонова 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.