Ўзбекистонда Рамазон ҳайити 10 апрель куни нишонланади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг навбатдаги онлайн мажлиси бўлиб ўтди. Унда Рамазон ҳайитини кўтаринки руҳда ўтказишга оид кун тартибидаги бир қатор масалалар муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати.
Йиғилишда уламолар ва соҳа мутахассислари томонидан Рамазон ҳайити қайси кунга тўғри келиши ва ҳижрий 1445 йил Шаввол ойи ҳилолини кузатиш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда фалакий ҳисоб-китоблар атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, дунёдаги йирик фатво идоралари ва нуфузли астрономия институтлари ахборотлари батафсил кўриб чиқилди. Туркий давлатлар диний идоралари масъуллари билан ҳам ушбу масала кенг муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши фиқҳий қоидалар, фалакий ҳисоб-китоблар ва астрономик кузатишларга таянган ҳолда жорий йилда диёримизда Рамазон ҳайити 2024 йил 10 апрель, чоршанба кунига тўғри келиши кутилаётганини маълум қилди.
Шарҳлар