Ўзбекистонда каннабис таъмли ичимлик сотилаётгани юзасидан расмий муносабат билдирилди

Foto: Ijtimoiy tarmoqlar

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги дўконларда қутисида “ноодатий” расми бор ва Каннабис таъмли энергетик ичимлик сотила бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Қўмита томонидан Чехияда ишлаб чиқарилган Республикамизга “ALL TRADE AT” МЧЖ томонидан олиб келинган “SoStoned” номли 330 миллилитрли энергетик ичимлиги маҳсулотига санитария-гигиеник, бактериологик, паразитологик ва радиологик текширувлардан сўнг (олиб келинган партиясига) санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириб берилган.

“SoStoned” номли энергетик ичимлиги қадоғида таркибида сув, шакар, лимон кислотаси, цитрат натрий, таурин, кофеин, конопля таъмини берувчи ароматизаторлар, ранг берувчи карамель, витамин В2, В6, В12 ва пантотен кислотаси борлиги кўрсатиб ўтилган.

Лаборатория текширув натижаларига кўра, “SoStoned” номли энергетик ичимлик таркибида хавфсизлик кўрсаткичи ҳисобланган заҳарли ёки инсон саломатлиги учун зарарли моддалар аниқланмаган.

Республикамиз ҳудудида ўрнатилган тартибларга риоя этган ҳолда олиб кирилган маҳсулотнинг ҳар бир партиясига лаборатория текширувлари натижаларига кўра, санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштириб берилади.

Ушбу маҳсулот Ўзбекистон Республикасига 2023 йилнинг ноябрь ойидан буён божхона орқали расмийлаштириб олиб кирилаётганган бўлса-да, бугунги кунга қадар маҳсулотнинг сифатсизлиги ёки уни истеъмол қилиш оқибатида заҳарланганлик тўғрисида мурожаат ва аризалар келиб тушмаган, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.