Рейсларнинг бир қисми Шимолий вокзалдан Жанубий вокзалга кўчирилади
15 сентябрдан 15 октябргача «Тўқимачи» ҳамда «Тошкент-Йўловчи» темир йўл бекатлари оралиғидаги темир йўлда техник таъмирлаш ишлари олиб борилиши муносабати билан «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидан ҳаракатланиб келаётган аксарият поездлар қатнови «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалидан амалга оширилади. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ хабар беради.
Жумладан, “Олмаота – Тошкент – Олмаота”, “Тошкент – Новосибирск – Тошкент”, “Тошкент – Самара – Тошкент” йўналишида ҳаракатланадиган йўловчи поездлари ҳамда “Тошкент – Хожикент – Тошкент” шаҳарлараро поездларидан ташқари, бугунги кунда «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидан қатновини амалга ошириб келаётган барча йўловчи поездлар, жорий йил 15 сентябрдан 15 октябргача «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалдан ўз ҳаракатини бошлайди.
Бир ой мобайнида юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари, «Шарқ» (Тошкент – Бухоро – Тошкент), «Насаф» (Тошкент – Қарши – Тошкент), «Ўзбекистон» (Тошкент – Андижон – Тошкент), ҳамда халқаро йўналишлардаги “Тошкент – Волгоград – Тошкент”, “Душанбе – Тошкент – Душанбе” йўловчи поездлари «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзал ҳудудидан рейсларини амалга оширади.
Йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида «Тошкент-Марказий» ҳамда «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалларидаги барча чиптахоналар туну-кун фаолият кўрсатади. Бундан ташқари чипталарни электрон тарзда ҳам харид қилиш мумкин.
Шунингдек, бир ой мобайнида «Тошкент-Марказий» темир йўл вокзалидаги чиптахоналардан поезд жўнашидан олдин чипта харид қилган, ёки янглишиб «Тошкент-Шимолий» вокзалга келиб қолган йўловчиларни «Тошкент-Жанубий» темир йўл вокзалига олиб бориш учун вақтинча бепул автобуслар қатновлари йўлга қўйилади.
Реконструкция ишлари амалга оширилганидан кейин, мазкур ҳудуддаги темир йўлда поездларни ўтказувчанлиги янада ортади ва юк поездларининг тўхтовсиз ҳаракатланишига имконият яратилади, дейилади хабарда.
Шарҳлар