Реклама қоидаларини бузганлик учун “ДАВР БАНК”ка нисбатан жарима қўлланилди
Рақобат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида, “ДАВР БАНК” АТБ томонидан эълон қилинган ташқи рекламаларда “Давр мобайл иловасида 50 000 000 сўмгача онлайн микрокредит” мазмунидаги реклама ахбороти берилганлиги кузатилди.
Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, микроқарз исталган мақсадларда фойдаланиш учун ажратилиши, “Давр мобайл” иловаси орқали расмийлаштирилиши, қарз олувчи камида охирги 6 ой давомида доимий иш жойига ҳамда ойлик даромадга эга бўлган бўлиши лозимлиги кўрсатилган. Шунингдек, микроқарз муддати – 60 ойгача, фоиз ставкаси – 43,00 фоиз, қарз миқдори – 50,0 млн сўм этиб белгиланганлиги аниқланган.
Микро қарз бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.
Шунингдек, Тошкент шахрининг бир қатор кўчаларида жойлашган ЛEД мониторли реклама объектларида “Тадбиркорлар учун 5 миллиард сўмгача кредит, 24 % дан» мазмунидаги рекламалар жойлаштирилган.
Мазкур реклама бўйича банкнинг расмий веб-сайти ўрганилганда, кредит:
асосий воситаларни сотиб олиш учун;
муддати – 60 ойгача;
фоиз ставкаси – 32,99 фоиз;
миқдори – 5 миллиард сўмлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган.
Кредит бўйича қўшимча шартлар ва мухим маълумотлар ташқи рекламада кўрсатилмаган.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар талаблари бузилиш аломатлари юзасидан “ДАВР БАНК” АТБга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.
Шарҳлар