Тошкент ҳокимлиги реновация қилинадиган ҳудудлар аҳоли томонидан таклиф этилганини маълум қилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги жамоатчилик эътиборини тортган ва муҳокамага сабаб бўлган масала — пойтахтда режалаштирилаётган ҳудудларни реновация қилиш мавзуси ҳақида қисқача маълумот берди.
Аҳолининг мурожаатлари, биноларнинг ҳолати ҳамда бошқа обектив сабабларни инобатга олган ҳолда, шаҳар маъмурияти томонидан фуқароларнинг Конститутсияда белгиланган ҳуқуқларини таъминлайдиган, ШНҚ меъёрлари ва аҳолининг манфаатларини акс эттирувчи замонавий механизмни жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди, дейилади хабарда.
Реновация лойиҳасининг мақсади уй-жой фондини янгилаш, авария ҳолатидаги уй-жойларнинг оммавий пайдо бўлишининг олдини олиш, ҳудудларни алоҳида кўп қаватли уйлар кесимида эмас, балки яхлит ривожлантириш орқали фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилашдан иборат.
Бунда биноларнинг авариявийлик даражаси ва хавфсизлик талабларига мувофиқлиги, иқтисодий ва энергетик самарадорлиги, эскирган кўриниши ва ҳудуднинг умумий меъморий ривожланишига мос келмаслиги ҳисобга олинади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида нафақат ҳар бир шахснинг уй-жойга бўлган ҳуқуқи, балки хавфсиз яшаш ҳуқуқи ҳам ўз аксини топган бўлиб, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқни рўёбга чиқариш учун шароитлар яратади.
Таъкидланишича, Ўзбекистон шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидалари замонавий талабларга жавоб берадиган меҳнат, яшаш ва дам олиш жойларининг қулайлигини таъминлашга доир талабларни белгилайди. Реновация ишлари фақат ваколатли ташкилотлар томонидан авария ҳолати тасдиқланган объектларда ва фақат аҳолининг розилиги билан амалга оширилади. Муҳими: Маданий ёки меъморий мерос объектларида реновация амалга оширилмайди.
Тошкентда қурилган уйларнинг фойдаланиш муддати 50 йилга мўлжалланган, аксарият ҳолларда капитал таъмирлаш имконияти йўқ, фойдаланиш муддати тугамоқда, дейилади ҳокимлик хабарида.
Барчамиз тушунамизки, реновация дастурини талаб қиладиган уйларнинг аксарияти ўз умрини яшаб бўлган ёки яқин йилларда шаҳарсозлик меъёрлари бўйича яшашга яроқсиз бўлиб қолади.
Биноларнинг техник ҳолати билан боғлиқ хавф, айниқса, мамлакатимиз ва умуман минтақанинг сейсмиклигига таъсир қилувчи барқарор иқлим ўзгариши туфайли жиддий ташвиш уйғотади.
Вазиятни холисона баҳоласак, ушбу уйларни ҳозирги ҳолатида фойдаланишда қолдириш муқаррар равишда пойтахтда авариявий уй-жойларининг оммавий пайдо бўлишига олиб келади.
Оммавий ахборот воситаларида тилга олинган ҳудудларга келсак, улар маҳаллий аҳоли мурожаатлари асосида таклиф этилган ва режа тузилган. Шунингдек, мурожаатларда келтирилган уй-жойларнинг дастлабки таҳлили уларнинг юқоридаги шаҳарсозлик меъёрлари талабларига жавоб бермаслигини тасдиқлади.
Биз лойиҳани амалга ошириш механизмини мамнуният билан эълон қиламиз, чунки у жуда соддалаштирилган ва биз уни кейинги хабарларимизда батафсил тушунтиришга ҳаракат қиламиз, дейилади хабарда.
Вазият ва масалага қизиқаётган фуқаролар маълумотни бевосита «Тошкент Инвест компанияси» АЖ веб-сайтидан https://tashkentinvest.com/ ҳаволаси орқали ва 71 210-01-63 телефон рақами орқали олишлари мумкин.
Шарҳлар