Роналду футболчилар орасида биринчи бўлиб 900 та голни қайд этди

Фото: www.championat.com

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду Миллатлар лигаси гуруҳ босқичидан ўрин олган Хорватияга қарши ўйинда гол уриб, фаолиятидаги 900-голидан ўтган биринчи футболчига айланди. Унинг бу борадаги энг яқин таъқибчиси Лионел Месси эса 62 та гол ортда қолди.

5 сентябрь куни Португалия УЕФА Миллатлар лигаси гуруҳ босқичининг биринчи ўйинида Хорватияни мағлуб этди. Лиссабонда А дивизиони 1-гуруҳи учрашуви бўлиб ўтди ва у 2:1 ҳисобида якунланди. Роналду 34-дақиқада жамоасининг иккинчи голини урди.

Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси (IFFHS) маълумотларига кўра, Роналду футбол тарихида юқори даражадаги ўйинларда 900 та гол урган биринчи футболчи бўлди. Унинг энг яқин таъқибчиси “Интер Маями”нинг аргентиналик ҳужумчиси Лионель Месси эса 62 гол ортда қолди. Кучли учликни бразилиялик Пеле (762 гол) якунлаб турибди.

“Бу мен учун жуда кўп нарсани англатади. Бу мен узоқ вақтдан бери эришмоқчи бўлган муҳим босқич эди. Мен бу рақамга етишимни билардим, чунки ўйнашда давом этсам, бу табиий равишда содир бўлади. Ҳар куни меҳнат қилиш, жисмонан ва руҳан тайёр бўлиш, 900 та гол уриш нақадар машаққатли эканлигини фақат мен ва атрофимдагилар биламиз. Бу менинг фаолиятимдаги ўзига хос воқеа”, – деди Роналду ўйиндан сўнг журналистларга.

Роналдунинг миллий терма жамоа сафида 209 та ўйинда урган 131 та голи ҳам рекорд ҳисобланади. Месси бу рўйхатда иккинчи ўринда – у ва Эрон терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Али Дайи 109 та голга эга. Роналду клублар сафида 769 та гол урган, “Реал Мадрид” сафида эса ҳужумчи 450 та гол урган.

Португалия терма жамоаси Миллатлар лигасининг «А» лигаси 1-гуруҳи турнир жадвалида қўшимча кўрсаткичлар бўйича Польшани ортда қолдириб, иккинчи ўринда бормоқда. Португаллар навбатдаги ўйинини 8 сентябрь куни Шотландияга қарши ўтказади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.