“Россия аҳолисини бошқа муаммолардан чалғитиш учун муҳожирлар айбдор қилиб кўрсатилмоқда”. Россияда ўзбекистонликлар энг кўп жиноят содир этгани ростми?

Фото: BBC

Аввалроқ Россия Ички ишлар вазирлиги чет элликлар орасидаги жиноятчилик бўйича маълумотларни эълон қилганди. Уларга кўра, Россияда Ўзбекистон фуқаролари энг кўп жиноий жавобгарликка тортилади, хусусан, 2022 йилда Россияда чет элликлар томонидан амалга оширилган жиноятларнинг қарийб 40 фоизи ўзбекистонликлар улушига тўғри келган. Иккинчи ўринда Тожикистон (25 фоиз), учинчи ўринда эса Қирғизистон фуқаролари (13 фоиз) жойлашди.

Ушбу хабар минтақадаги етакчи нашрлар эътиборини тортди, шунингдек, марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчилар ва Россияда меҳнат муҳожири бўлиб юрган ўзбекистонликлар ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди, деб ёзади BBC. Нашр ушбу мавзуда таҳлилий мақола тайёрлаб, унга мутахассислар фикрлари ва муносабатларини ҳам илова қилди. Материални ҳеч қандай ўзгартиришларсиз ўз ҳолича тақдим этамиз.

Энг йирик меҳнат бозори…

Россия ҳар йили четдан миллионлаб ишчи кучига эҳтиёж сезади.

Бу мигрантларнинг салмоқли қисмини, йилларки, Марказий осиёликлар ташкил этиб келишади.

Жумладан, сўнгги уч ўн йилликда айнан Россия катта сондаги ўзбекистонликлар учун энг йирик ва анъанавий меҳнат бозори вазифасини бажариб келади.

Коронавирус пандемиясидан аввал Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқаролари сони миллионларга нисбат берилган.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд фуқаролари ҳар йил ортга юбораётган миллиардлаб долларлик пуллар, айниқса, минтақада аҳолиси энг йириги (36 миллиондан ортувчи – таҳр.) бўлган Ўзбекистон иқтисодини тутиб, юритишда муҳим аҳамият касб этади.

Аксар аҳолиси бугун ҳам ишсизлик ва камбағаллик кенг илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшовчи Ўзбекистонда миллионлаб сондаги одамнинг тирикчилиги улар ортга юбораётган ана шу маблағлар орқасидан ўтади.

Бу пуллар, йилларки, мамлакатда ижтимоий тангликни юмшатиб, Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келади.

Худди шу боис, меҳнат муҳожирлиги RTVI хабарида тилга олинган Ўзбекистон илова ҳар уч Марказий Осиё давлати ва ҳукумати учун бирдек муҳим аҳамият касб этади.

Россияда ишлаётган фуқаролари ортга юбораётган пуллар минтақада нисбатан камбағали, деб кўрилувчи Тожикистон ва Қирғизистон ЯИМининг ҳам салмоқли қисмини ташкил қилади.

Фуқароларининг «қанчалик жиноятчи» эканига оид хабарга Ўзбекистон илова қолган Марказий Осиё давлатларининг ҳам муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.

Аммо мазкур хабар сўнгги ҳафталарда минтақадаги етакчи нашрларнинг эътиборини ўзига тортмай қолмаган, сарлавҳаларига чиққан, Марказий осиёлик мигрантлар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи етакчи ҳуқуқбонлар баробарида Россияда меҳнат муҳожирлигида банд ўзбекистонликлар ўзларининг ҳам акс-садоларига сабаб бўлган.

Улардан бири ижтимоий тармоқларда «Урушдан чарчаган аҳолини нима биландир алдаш керак. Қараса, 5 миллионга яқин мигрант бор», – деб ёзган.

«Анчадан бери кузатаман. Россияда сайлов тугамас экан, президент, Дума, маҳаллий сайловлар, губернаторлар ҳаммасининг дастурида бор мигрантлар муаммоси. Мигрантлар Россия сиёсатидаги гуруҳлар ўйини учун яхши қурол ёки ҳимоя воситаси. Экономикаси учун яхшигина соғин сигир. Яна ташқи факторлар ҳам бор», – деган бошқаси.

Мазкур хабар, бошқа томондан, Россияда Марказий осиёлик меҳнат муҳожирларига қарши рейдлар кучайган ва уларга қарши таҳқиромуз муносабатлар ошкора тус олиб бораётган бир манзарада олинган.

Уларни, айниқса, жазо муддатларини ўтаётган Россия қамоқхоналаридан Украина урушига ёллаш ҳаракатлари кучайган ва бу каби ҳолат, хусусан, ҳатто Россиянинг ўзидаги фаоллар, ҳуқуқбонларнинг хавотирларини жиддий орттираётган, бошқа томондан, Россия мамлакатнинг амалдаги президенти Владимир Путин яна асосий номзод сифатида кўрилаётган навбатдаги президент сайловига ҳозирлик кўраётган бир пайтда бўй кўрсатган.

Россияда меҳнат муҳожирлигида банд катта сондаги фуқаролари, йилларки, расмий Кремлнинг Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишнинг энг унумли воситаларидан бири сифатида ҳам кўрилади.

Шундай экан, бу рақамлар нима дегани? Улар қанчалик ҳақиқатга яқин? Агар, Россиядаги турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликлар сони билан қиёсланса, бу статистика қанчалик сенсацион, яъни сарлавҳаларга олиб чиқилган даражада шов-шув кўтаришга лойиқ ёки бу ҳам айниқса, Украина уруши манзарасидаЎзбекистон мисолида Россия томонидан минтақа давлатларига босим ўтказишнинг яна бир йўли, воситасими?

Би-би-си Ўзбек хизмати худди ана шундай саволлар билан асли Марказий осиёлик Миграция ҳуқуқи бўйича икки юристга мурожаат қилди.

Мигрант.уз лойиҳаси асосчиси ва раҳбари Ботиржон Шермуҳаммад:

Ботиржон Шермуҳаммад: RTVI бу маълумотларни қаердан олган, мен билмайман. Мана, ҳозир янги маълумотларни кўрдим. 10 февраль куни Россия Фанлар академиясининг Демография масалалари бўйича институти томонидан шунақа бир ахборот эълон қилинган, ҳисобот. Агар, унга кўра айтадиган бўлсак, Россияда фақатгина 2 фоиз жиноятлар чет эл фуқаролари томонидан содир қилинаяпти. Кўп эмас ва ҳаттоки, мана, уларнинг маълумотига қарайдиган бўлсак, асосан Москва шаҳри ва Москва вилоятида кўпроқ содир қилинган муҳожирлар томонидан. Албатта, уларнинг сони кўплигидан келиб чиқадиган бўлсак, бу нарса бир янгилик эмас. Яъни, фақатгина 2%, мана 2022 йилни ҳам кўрадиган бўлсак, фақат шунча фоиз, деб айтилаяпти. Асосан эркаклар томонидан ва ҳаттоки 2022 йилнинг январь-ноябрь ва 2023 йилнинг 11 ойини таққослайдиган бўлсак, ҳатто хориж фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар сони ҳатто 1 фоизга камайганини билдиради. Бу ўша Ички ишлар вазирлигининг маълумотидан олиб, мана шу олимлар томонидан эълон қилинган маълумот. Мен бундан ташқари бошқа маълумотни ҳам кўрдим. РИА Новости томонидан берилган. Яъни, бу шу йилнинг 24 январь куни эълон қилинган. У ерда Россия Ички ишлар вазирининг ўринбосари статс-котиби томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, Россияда умуман олганда 3.9 фоиз, яъни 4 фоизга етмаган жиноятлар муҳожирлар томонидан содир қилинаяпти. Асосан МДҲ мамлакатлари фуқаролари томонидан ва 2023 йилда фақатгина 10.3 фоизга, яъни 10 фоизга деярли ошганини кўриш мумкин, деб айтилган. Бу ўша Россия Ички ишлар вазири муовини томонидан Давлат Думасида эълон қилинган маълумот. Яъни, албатта, бу бўрттирилган маълумот, ўша RTVI томонидан ўрганилган маълумот. Россия Ички ишлар вазирлигининг расман эълон қиладиган йиллик ахбороти бор, ҳужжат сифатида эълон қилинади. У ерда хориж фуқаролари томонидан содир қилинадиганлари ҳам маълумот берилади алоҳида бўлимда. Ва, одатда, умумий жиноятлар сонидан фақат 3-4 фоизи чет эл фуқароларига тўғри келиши айтилади. Энди, Ўзбекистон фуқаролари 40 фоизини содир қилаяпти, деганиям бу бир ажабланарли ҳолат эмас. Чунки ўзбекистонликлар албатта кўпчиликни ташкил қилади. Умуман олганда, 40 фоиздан ортиқ патентларни ҳам Ўзбекистон фуқаролари олади. Сони бўйича ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Албатта, кўпчилик бўлганидан кейин бу ерда жиноятлар сони ҳам бошқаларга нисбатан кўпроқ бўлиши одатий нарса, бунақанги бир ажабаланадиган нарса эмас. Бунақанги бўрттиришлар ўзи, одатда, мана шу сиёсатчилар томонидан вазиятга қараб, сайловлар олдидан ёки бир бошқа, бошқа вазиятларда ва оммавий ахборот воситалари бор, мисол учун, ўша муҳожирларни ёмон кўрадиган, уларни доимо ёмонотлиқ қилишга ҳаракат қиладиган баъзида миллатчи оммавий ахборот воситалари, сиёсатчилар бор, уларнинг ахборот сайтларида ҳам бунақа нарсалар бўрттирилиб, бир томонлама кўрсатилиб, манипуляция қилиниб, жамиятга шунақанги эмишки, муҳожирлар асосан жиноятчилик билан шуғулланаяпти, дегандек тасаввурлар қолдиришга ҳаракатлар бор. Бу маълумотлар Ўзбекистон томонига қанчалик босим қилиши мумкин – билмайман, қийинроқ бўлса керак. Лекин асосан бу ўша ички, нима дейди, истеъмолчи, яъни Россиянинг ўзидаги маҳаллий аҳолини, жамиятни, жамоатчиликни ҳаётда бор бўлган ўша ижтимоий, иқтисодий муаммолардан чалғитиш учун муҳожирларни айбдор қилиб кўрсатиш учун кўрсатиладиган, айтиладиган нарсалар, холос. Кўпроқ шу сайлов олдиларидан бўлади.

Савол: Бошқа томондан, ўз ўрганишларингиз, кузатувларингиздан келиб чиқиб айтилганда, биргина Ўзбекистон фуқаролари назарда тутилганда, Россияда улар томонидан содир этилаётган жиноятлар оғирлиги, миқдори, кўлами қанчалик хавотирли, бу жиноятлар асосан нималардан иборат ва уларни бу каби жиноятларга ундаётган асосий омиллар, сабаблар нималардан иборат?

Ботиржон Шермуҳаммад: Ўзбекистон фуқаролари томонидан ўзи жиноятлар сони, миқдори кўп эмас, яъни кўлами. Лекин, мана, охирги уч-тўрт йил ичида хавотирга солаётган ҳолат наркокурьерлик, яъни наркотик воситаларини етказиб бериш билан боғлиқ жиноятлар жудаям кўпайиб кетди. Ўзимизгаям шахсан мурожаатлар жуда ҳам кўп. Узоқ, узоқ муддатларга, 8 йилдан 12, 15 йилгача муддатга ватандошларимиз мана шу моддалар билан қамалиб кетишаяпти, жиноий жавобгарликка тортилишаяпти ва мана шу нарса хавотирли. Буни бир неча марта айтиб ўтилди, интервьюларда айтаяпмиз, кўрсатувлар қилинди. Мана шу нарса камаймаяпти. Афсуски, ўзи бу бўйича нафақат Ўзбекистон фуқаролари, балки умуман Россиядаги вазият оғирлиги, яъни бунақанги иш билан шуғулланадиган ташкилотлар, якка шахслар кўпайиб кетганлиги, улар жудаям фаоллигини ҳисобга оладиган бўлсак, айниқса, интернетда, мессенжерларда жудаям фаоллиги, керак бўлса, ўзбек ва тожик тилларида муҳожирларга иш таклиф қилишаётгани эълонларини кўрдик. Мана шу нарса хавотирли. Ва, одатда, муҳожирлар томонидан кўп содир этиладиган жиноятлар бу, менинг фикрим бўйича, биринчи навбатда, мана шу қалбаки ҳужжатлар билан боғлиқ жиноятлар кўп содир қилинади, ўша регистрация, бошқа ҳужжатлар қалбаки қилинади. Бундан ташқари, жинсий эркинликка қарши, ўша номусга тегиш ёки шунга ўхшаган ҳаракатлар билан ҳам жиноятлар кўп содир қилинади. Босқинчилик ҳам бўлади, ўғрилик ҳам бўлиб туради. Мана шу жиноятлар кўпроқ содир қилинади.

Савол: Сизга яхши маълумки, Россия, йилларки, энг катта – миллионлаб сондаги ўзбекистонликлар учун энг йирик меҳнат бозори вазифасини бажариб келади. Шундай экан, сўнгги пайтларда эълон қилинаётган бу каби расмий статистикаларнинг Россиянинг миграцион сиёсатига, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги миграция оқимига бирор бир салбий таъсири бўлиши мумкинми? Ўзбекистон томонининг хавотирланишига қанчалик асос бор?

Ботиржон Шермуҳаммад: Менинг фикримча, бу маълумотлар, бу статистик маълумотлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларга таъсир қилмайди. Ўзбекистон томони ҳам бу статистикадан қандайдир бир хавотир олишига ҳеч бир асос йўқ. Лекин, умуман олганда, мана шу биз айтиб ўтганимиз охирги йилларда наркотик воситалар билан боғлиқ жиноятларнинг кўпайганлиги, албатта , давлатимиз, Ўзбекистон ҳукуматини хавотирга солиши керак. Умуман шунақа жиноятларнинг кўпайганлиги мана шу Украина билан боғлиқ уруш фонида хавотирга солаяпти, бизни, айниқса. Чунки ўша узоқ йилга қамалган ватандошларимизни озоликдан маҳрум қилиш жойларида урушга ёллаш, жалб қилиш, урушга ёлланишга тарғиб қилиш ҳоллари, мана шунақанги шу ёлланишга мажбурлашга шароитлар яратиш ҳолатлари кўпайиб бораяпти. Шулардан келиб чиқиб, биз айтганмизки, шу пайтгача таклифимиз – Россия билан Ўзбекистон ўртасида 2016 йилда тайёрланган, Россия томонидан имзо қилинишга тайёр бўлган озодликдан маҳрум қилинган фуқароларни олиб кетиш тўғрисидаги шартнома ҳалиям Ўзбекистон томонидан имзолангани йўқ. Бир неча марта бу нарсалар кўтарилди. Шахсан ўзим бир неча марта кўтардим бу нарсани. Ўзбекистон томонидан ҳеч қанақа бир аниқ жавоб йўқ, маълумот йўқ. Айнан шундай шаклдаги шартномалар Ўзбекистон-Қозоғистон, Ўзбекистон-Туркия ва бошқа давлатлар билан имзоланган. Агар, мана шу шартнома имзоланиб қолса, Россиянинг озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган 10 мингга яқин, балким кўпроқдир, аниқ сонларини билмаймиз, охирги марта 2017 йилда олти ярим минг Ўзбекистон фуқаролари борлиги айтиб ўтилганди. Мана шу фуқароларни олиб келишга ҳуқуқий асос пайдо бўлган бўлар эди. Ҳозирги кунда қидирувдаги фуқароларни ушлаш, олиб келиш бўйича ҳуқуқий асос бор икки давлат ўртасида, бу нарсалар амалга оширилаяпти. Лекин жиноий жавобгарликка тортилган, яъни ўша маҳбуслар, қамалиб қолган фуқароларимизни у ердан олиб келиш, жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташ бўйича ҳеч қанақанги шартнома, ҳуқуқий асос йўқ. Шунинг учун ҳам бугун ватандошларимиз узоқ муддатларга ўша Россиянинг қамоқхоналарида сақланишга мажбур бўлишаяпти.

Миграция ҳуқуқи бўйича иккинчи юрист:

«RTVI мигрантларга оид жиноятларни умумий жиноят статистикасидан эмас, жиноятчиликнинг айрим эпизодлари кесимида олган.

Яъни RTVI умумий жиноятчиликни таҳлил қилса, мигрантларни аксинча оқлаб қўйган бўлади.

Бунинг ўрнига мигрантлар мавзусида даҳшатни кучайтириш учун жиноятчилик эпизодларини, масалан, 40 минг жиноятнинг 36 мингтасини ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар қилаяпти, деб ваҳима солган.

Ваҳоланки, сон кесимида олсангиз, ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар бошқа давлат фуқароларидан кўра кўп.

Дастурхоннинг бир бурчагига қараб, дастурхоннинг ҳамма ерига қарашни унутгандек-да, катта расмнинг бир пазлига қараяпти, ваҳоланки, у пазл катта расмнинг бир бўлаги, у катта расмсиз бу кичик пазл ҳеч қандай мазмун ва хулоса беролмайди, алоҳида таҳлил объектига айланолмайди

Ҳақиқаттан ҳам муҳожирлар орасида жиноятчилик кўпми?

ИИВ берган расмий статистика бўйича 2023 йил январь – ноябр ойларида 1 миллион 804 800 жиноят рўйхатдан ўтган. Уларнинг 785,2 мингтаси очилмаган. Яъни 1 019 600 та жиноят очилган.

Ушбу 1 019 600 та жиноятнинг атиги 36,6 мингтасигина Россиядаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан содир этилган. Фоиз ҳисобида бу 3,59% дегани. Яъни 100 жиноятчининг учтаси мигрант, холос.

Бундай кичик рақамлар вазият асло қўрқинчли эмаслигини кўрсатади.

Унда ваҳиманинг сабаби аввалги йилги кўрсаткичлардир?

ИИВ маълумотларига кўра, 2022 йили 2 миллионга яқин жиноят қайд этилган. Аниқроғи, 1966,8 минг жиноят. Улардан 1062300 та жиноят ошкор қилинган. Бир миллиондан кўп жиноятнинг 40200 тасини Россиядаги чет элликлар содир этган. Ҳисоб бўйича эса фақат 3.78% жиноятларда мигрантларнинг қўли борлигини кўриш мумкин. 2022 йилда ҳам 100 жиноятчидан фақат учтаси мигрант бўлаяпти.

2021 йилда 2004,4 минг жиноят рўйхатга олинган. 1,071,100 жиноятлар ошкор қилинган. Ошкор қилинган жиноятларнинг 36,4 мингтаси мигрантлар томонидан содир этилган. Фоиз ҳисобида 3,4% , 2021 йилда ҳам 100 жиноятчидан фақат учтаси мигрант.

2020 йилда 1080400 жиноят ошкор қилинган. Мигрантлар 34,4 минг жиноят содир этган, 3,18% фоиз. Яъни 100 жиноятчидан фақат учтаси мигрант.

2019 йилда 1,109,100 жиноятлар ошкор қилинган. Атиги 34,9 минг жиноятни мигрантлар қилган, 3,15 фоизни. Ҳали ҳам 100 тадан учта мигрант.

Фоиз кесимида 2018, 2017, 2016 йиллар ва ундан аввал ҳам мигрант жиноятчилар 3%дан ошмаган. Яъни, кўп йиллардан буён Россиядаги 100 та жиноятчиларнинг фақатгина 3 нафари мигрант холос. Барқарорлик?

Статистика шундай зерикарли нарса. Статистикани борича кўрсатадиган бўлсангиз, ОАВ воситаларидаги мигрантларнинг жиноятчилиги ҳақидаги оммавий «истерия» ассосиз эканини билишингиз мумкин.

Скептиклар ваҳима қаердан унда, дейди….

Балки судланган мигрант жиноятчилар бўйича статистика қўрқинчлидур?

Россия Федерацияси Олий судининг суд департаменти 2022 йилда судларда кўрилган жиноий ишлар 614,7 579 та бўлгани, айбланганлар орасида 21,802 нафар мигрант бўлганини статистикада келтираяпти. Бу дегани судларда ҳам барча жиноятчиларнинг бор йўғи 3.8 фози мигрант бўлган. Соддароқ айтганда, суд маълумотлари бўйича ҳар 100 нафар жиноятчининг 3 нафари мигрант. Худди РФ ИИВ статистикасидек.

2021 йилда Россия бўйлаб 579 минг киши судланган. Улардан 3.3 фоизи муҳожирлар.

2020 йилда 565 минг киши судланган. 2020 йили ҳам суд айбдорлиги тўғрисида ҳукм қилган мигрантлар 3,5 фоизни ташкил қилган.

Пандемия каби инқироз даврларида муҳожирлар орасида жиноятчиликнинг кескин кўпайиши бўйича прогнозлар амалга ошмаган. Муҳожирлар орасида жиноятчилар кўплиги ҳақида ваҳималар эса ёлғон ва асоссиз бўлиб чиқмоқда. Бизнинг мақсадимиз муҳожирларни россияликларга қарши қўйиш эмас. Шунчаки мигрантлар борасидаги уйдирмалар ва ёлғонлар асл ҳақиқатга мос эмаслигини яна бир бор таъкидлаш, холос«.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.