Россия бош вазири Ўзбекистонда АЭС қурилишини тезлаштиришга чақирди

Михаил Мишустин и Абдулла Арипов. Фото: government.ru

Россия Федерацияси бош вазири Михаил Мишустин Россия дизайни бўйича Ўзбекистон билан биргаликда атом электр станциясини қуриш лойиҳаси доирасида эришилган келишувларни амалга оширишни тезлаштиришга чақирди. Бу ҳақда ТАСС ёзади.

“Биз атом энергетикаси соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашни муҳим деб биламиз. Россия томонидан лойиҳалаштирилган атом электр станциясини биргаликда қуриш йирик лойиҳага айланади. Эришилган барча келишувларни амалга оширишни тезлаштириш зарур”, — деди Мишустин жума куни Самарқандда ўтказилган Россия ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг учинчи йиғилишида.

Россия ўзбекистонлик ҳамкорларнинг саноат кооперациясини чуқурлаштиришга бўлган қизиқишини олқишлайди, – деди Мишустин.

“Автомобилсозлик, самолётсозлик, фармацевтика соҳаларида қизиқарли ташаббуслар муҳокама қилинмоқда. Катта инвестициялар машинасозлик ва металлургияга йўналтирилмоқда”, — деди Россия бош вазири.

Мишустиннинг таъкидлашича, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда Россия капитали иштирокида ташкил этилган корхоналар сони 2,5 мингдан ошган, Россияда эса 600 дан ортиқ ўзбек компаниялари рўйхатдан ўтказилган.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, ўз навбатида, “сўнгги бир неча йил ичида Ўзбекистонда Россия сармояси иштирокидаги корхоналар сони уч баробар кўпайиб, 3 мингга яқинни ташкил этганини қайд қилди. Унинг қўшимча қилишича, Россия Федерацияси ҳудудида Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 1000 га яқин корхона фаолият юритмоқда.

Мишустин Ўзбекистонда ўтказилаётган иқтисодий бизнес-форум икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаши, янги истиқболли лойиҳаларни ишга туширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.