Россия Давлат думаси ядро қуролини Венесуэла ва Никарагуа давлатларига жойлаштиришга чақирди
Россия ядро қуролини АҚШ яқинидаги «дўст» мамлакатларда жойлаштириши керак, – дейди Давлат думаси мудофаа қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Алексей Журавлёв.
“АҚШга яқинроқ бўлган ракеталаримизга келсак, мен, масалан, дўст Куба, Венесуэла ва Никарагуани учириш мосламалари билан таъминлаш тарафдориман”, — деб ёзади Журавлёв ўзининг Телеграм-каналида.
Унинг эслатишича, “Америка ҳаво бомбалари” еттита Европа давлатидаги ҳарбий базаларда жойлаштирилган ва тез орада ўз ядро қуролига эга Буюк Британияда ҳам пайдо бўлиши мумкин.
Аввалроқ The Telegraph нашри АҚШ Россиядан келаётган таҳдидга қарши туриш учун Буюк Британияда ядро қуролини жойлаштириши ҳақида хабар берган эди. Жанговар каллаклар RAF Lakenheath базасига жойлаштирилади, улар бу ерга 15 йил ичида биринчи марта етказиб берилади. 2008 йилда Вашингтон Москва билан совуқ уруш хавфи камайди, деб ҳисоблаб, Британиядан ядро ракеталарни олиб чиқиб кетганди.
Россия Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Мария Захарованинг айтишича, Москва Америка ядро қуролларининг Буюк Британияга қайтарилишини «эскалация» деб билади ва “компенсацион жавоб чоралари” билан жавоб беради.
Украинада уруш бошланганидан сўнг, Россия ўзининг тактик ядро қуроллари (ТЯҚ) арсеналининг бир қисмини Белоруссияга кўчирди. Россия президенти Владимир Путин буни ядро каллакларини Германия, Туркия, Нидерландия, Италия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига юборган АҚШ сиёсати билан изоҳлади.
“Биз тактик ядро қуролларимизни Беларусга бермаймиз, лекин уларни жойлаштирамиз ва АҚШ Европада қилгани каби ҳарбийларни ўқитамиз”, — деди Путин. Шундан сўнг Россиянинг қўшни давлатдаги тактик ядро қуроллари ғарбий чегараларга кўчирилди. Шу билан бирга, ундан фойдаланиш тўғрисидаги қарор ҳали ҳам Москвада қолмоқда.
Беларусь Хавфсизлик Кенгаши котиби Александр Вольфовичнинг айтишича, республикада Россия ядро каллакларини жойлаштириш НАТО аъзоси бўлган Польша агрессиясининг олдини олишга қаратилган. “Афсуски, қўшниларимиз, хусусан, Польшанинг баёнотлари бизни ҳарбий доктринамизни мустаҳкамлашга мажбур қилмоқда”, — дейди Вольфович.
Шу фонда Польша Бош вазири Матеуш Моравецкий НАТОнинг ядро қуролларини альянс мамлакатларида жойлаштириш имконини берувчи Nuclear Sharing дастурига қўшилиш зарурлигини эълон қилди. «Сув тошларни емиради, [биз] иттифоқчиларимиз билан [бу ҳақда] гаплашамиз», – деди Моравецкий ва Москва таҳдидни кучайтираётган пайтда «қўл қовуштириб ўтиришни» истамаслигини қўшимча қилди.
Москва Варшаванинг ғоясини танқид қилди. Россия Хавфсизлик Кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев “Польшада ядро қуролини жойлаштириш ҳақидаги сўров фақат бир нарсадан дарак беради: бундай қуроллар қўлланади”, – деди.
Шарҳлар