Россия Давлат думаси Қозоғистонда РФ телеканалларининг ўчирилишини русийзабон фуқаролар ҳуқуқларини чеклаш деб атади
Давлат Думасининг халқаро ишлар бўйича қўмитаси раиси ўринбосари Алексей Чепа Қозоғистонда Россия телеканалларининг ёпилиши республика расмийлари билан юқори даражада муҳокама қилиниши кераклигини билдирди. “Бундай хабарлар хавотирли ва жиддий қабул қилиниши керак”, – дея таъкидлади у.
«Биз бундан жуда эҳтиёт бўлишимиз керак, чунки расмий тузилмаларнинг тушунтиришлари маълум компанияларга тегишли бўлиши мумкин, аммо Россия компаниялари учун эмас. Чунки аҳолининг катта қисми русийзабон. Улар эса дастурларимизни кўришга тарихан кўникиб қолган. Бу уларнинг ҳуқуқларининг жиддий бузилишидир. Шунинг учун, албатта, бу жуда хавотирли хабар. Буни мен ҳам пайқадим. Биз бунга жиддий ёндашишимиз ва Қозоғистон расмийлари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказишимиз керак. Мамлакатларимиз ўртасида бу борада албатта муҳокамалар бўлиши керак”.
Бир кун аввал TVCOM оператори Россия телеканалларини Қозоғистонда кўрсатишни тўхтатгани маълум бўлди. Уларнинг орасида “Первый канал”, «Дом кино», «Победа», «Карусель» ва бошқалар бор. Маҳаллий операторнинг сўзларига кўра, бу қарор “ахборот кун тартибига эга каналлар сонини қисқартириш” доирасида қабул қилинган.
Ноябрь ойида Қозоғистон ҳукумати Sputnik 24 порталини блокировка қилганди, у орқали республика ҳудудида “Россия 1”, “Россия 24”, НТВ ва RT телеканалларини томоша қилиш мумкин эди. Ўшанда блокировкага «Қозоғистонда лицензияга эга бўлмаган теле ва радиоэшиттириш операторлари ва ускуналари хизматларидан шартли фойдаланиш карталари ҳақидаги маълумотларни тарқатиш» сабабчи экани айтилганди.
Шарҳлар