Россия Давлат Думасининг депутати ўзбек меҳнат мигрантлари фарзандлари учун хусусий таълим муассасаларининг очилишини қонунга хилоф деб атади
“Говорит Москва” радиостанцияси билан суҳбатда Давлат Думаси депутати Михаил Делягин Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари фарзандлари учун Ўзбек диаспораси вакиллари ҳисобидан Россияда хусусий болалар боғчалари ва мактаблар очиш ташаббусини қонунга хилоф деб атади.
“Эҳтимол, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Россия Конституцияси ҳақида ҳеч нарса эшитмагандир, Конституция миллий белги бўйича одамларни камситишни тақиқлайди. Фақат мигрантлар фарзандлари учун мактаблар очиш – бу Россия Федерацияси фуқароларини камситишдир. Тахминан тожикистонлик диаспора вакилларининг фақат тожикларга хизмат кўрсатадиган тожик тиббиёт марказлари очиш ҳақидаги таклифи каби», деди у.
Депутат буни “Россияни бузиб яксон қилиш ва дастлаб бегона, кейинчалик душман анклавларини яратишга йўналтирилган сиёсат” деб атади.
19 октябрда ТАСС Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ёшлар сиёсати бўлими мудири Қаҳрамон Қуронбоевнинг Давлат Думаси ўринбосари Владислав Даванков билан учрашувида Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари фарзандлари учун Ўзбек диаспораси ҳисобидан Россияда хусусий болалар боғчалари ва мактаблар очишда кўмаклашишни сўрагани ҳақида хабар берган эди. Уларда таълим Россия қонунчилигига мувофиқ дастур бўйича ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
“Мен фикримча, албатта, Ўзбекистон ўз фуқаролари учун болалар боғчалари ва мактаблар қуриши керак, лекин фақат ўз ҳудудида. Ва Россияга чиқиб кетган фуқароларини қайтариб олиши керак. Чунки, масалан, Тожикистон аҳолисининг учдан бир қисми Россияда яшайди. Бу вазият Тожикистон ва Россия учун тўлиқ нормал эмас”, деди Михаил Делягин.
Депутат буни “Россияни бузиб яксон қилиш ва дастлаб бегона, кейинчалик душман анклавларини яратишга йўналтирилган сиёсат” деб атади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Юксалиш” Миллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов жавобан ҳар қандай мамлакат учун ўз фуқаролари манфаати йўлида бундай ташаббусларни илгари суриш одатий ҳол эканлигини айтди.
“Ҳеч ким бу ташаббусларни Россия қонунчилигидан ташқарида амалга оширмоқчи эмас. Иккинчидан, Россияда ишлаб келаётган ватандошларимиз албатта ҳалол меҳнати билан ўз оиласини, Россияни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Мигрантларнинг катта қисми – ёшлар бўлиб, иқтисодиёт ривожи учун меҳнат қилмоқдалар”, деди у.
Бобур Бекмуродов фикрича, Россиялик депутатнинг иттифоқдош мамлакатга нисбатан бундай жиддий айбловлар билдиргани “Россия билан муносабатларда сергаклик талаб қилинади”, деганидир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўринбосари спикери, “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров эса шундай деди:
“Агар рус мактабларида ўзбек тилини ўқитиш рус миллатини камситиш бўлса, Ўзбекистондаги мактабларда рус тилида ўқитиш ўзбекларни камситишми?”
Шарҳлар