,

Россия НАТО билан урушга тайёрланиб, Болтиқ денгизи мамлакатларида GPS сигналларини тўсмоқда

Восточная Европа
Фото: The Insider

Шарқий Европада авиакомпаниялар, смартфонлар ва қурол-яроғ тизимлари томонидан қўлланиладиган сунъий йўлдош сигналлари тўсиб қўйилиши ёки пасайтирилиши ҳолатлари кўпайиши ортида, катта эҳтимол билан, Россия турибди, деб ёзади Bloomberg Эстония мудофаа кучлари қўмондони Мартин Херемга таяниб.

Ҳатто Евроиттифоқ фуқаролик авиацияси фойдаланадиган сигналлар ҳам пасайтирилмоқда. Унинг ишонч билдиришича, GPS (Глобал позициялаш тизими) сигналлари тўсиб қўйилиши ортида Кремль турибди, чунки ўтган йилдан бошлаб Болтиқ минтақасида сунъий йўлдош навигация тизимлари фаолиятига аралашув ҳолатлари кўпайган. Ўтган ойда Финляндиядан Польшагача ва ҳатто Қора денгиз минтақасигача бўлган ҳудудда бу айниқса авж олган. Россия Мудофаа вазирлиги аввалроқ радиоэлектрон кураш бўлинмаси Калининградда радио ва сунъий йўлдош сигналларига тўсиқлар яратиш бўйича ўқув машқлари ўтказгани ҳақида хабар берганди.

Херемнинг тахминларига кўра, Москва шу тариқа “НАТО билан бўлғуси потенциал низо хавфи фонида машғулотлар ўтказмоқда”. Эстониялик қўмондон маълум қилишича, сигналларнинг тўсиб қўйилиши Болтиқ денгизидаги кемалардан туриб ҳам амалга оширилаётган бўлиши мумкин. Декабрда Польша авиация ҳукумати учувчиларни тўсиқлар ҳақида огоҳлантирган, Швеция ва Финляндия расмий шахслари эса ўтган ой бошида бу масалани ўрганаётганини маълум қилган эди.

У, шунингдек, НАТО бўйича иттифоқчилар узоқ муддатли низога тайёрланиш зарур, деган хулосага келганини таъкидлади. Ўтган ҳафта Европа авиация мансабдорлари ушбу муаммони муҳокама қилиш учун учрашув ўтказди, чунки Украина ва Яқин Шарқдаги низолар фонида сигналларни тўсиб қўйиш ва “спуфинг” (ёлғон сигналлар юборилиши) ҳолатлари кўпайган. Бундай ҳолат тижорий самолётларга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин.

“Биз ушбу тизимларга ҳужумлар сони кескин ўсганини кузатяпмиз, бу эса хавфсизлик учун риск ҳисобланади, — деди Европа парвозлар хавфсизлиги агентлиги раҳбари Люк Титгат 26 январ куни Кёльнда бўлиб ўтган авиация соҳасидаги учрашувда. — Учувчилар ва экипажлар рискларни англаб олиб, уларга жавоб кўрсатиши ва хавфсиз қўнишини зудлик билан таъминлашимиз керак”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.