Россия Украинада термобарик дронларни қўллашни бошлади

Скриншот: презентация ТВ-БЧ 50 / утечка комплекса «Алабуга» / Defense Express

Associated Press терговига кўра, Татаристондаги “Алабуга” ишлаб чиқариш мажмуаси камида ёздан бери “Shahed” дронларини термобарик каллак билан жиҳозламоқда.

Бундай ўқ-дорилар мустаҳкамланган деворлар ва ер ости бункерларига кириб боришга қодир. Украинанинг Defense Express портали биринчи бўлиб “Алабуга” серверларини бузиш пайтида олинган маълумотларга таяниб, термобарик дронлар яратилгани ҳақида хабар берганди.

Бундай дронларнинг термобарик жанговар каллакларига “ТВ БЧ-50” индекси берилган; у камида 2024 йил апрель ойида ишлаб чиқаришга жорий этилган. Сиздирилган маълумотларга кўра, “ТВ БЧ-50” оғирлиги 52,4 кг ни ташкил қилади ва термобарик заряддан ташқари, диаметри 9 мм бўлган шарлар кўринишидаги 2306 та шикастловчи элементларни ҳам олиб юради.

Янги термобарик ўқ-дорилар бир зарба принципи бўйича ишлайди, яъни у бир вақтнинг ўзида портловчи аралашмани пуркайди ва уни портлатиб юборади, бу эса тахминан Цельсий бўйича 3000 даража олов булутини ҳосил қилади.

Булут бутун хоналарни тўлдириши мумкин, зарба тўлқини қурбонлари портлаш эпицентридан ташқарида кўз олмалари, мия, ўпка ва эшитиш аъзоларининг жароҳатлари билан топилган, деб ёзади АР.

Агар термобарик дрон яшаш майдонига тегса, ундан яшириниб бўлмайди, дейди Defense Express мутахассислари. Бу ҳолда, одамни квартиранинг иккита юк кўтарувчи девори кўринишидаги бошпана қутқариб қолмайди. Назарий жиҳатдан, термобарик аралашманинг хона бўйлаб тарқалиши доимий ёпиқ ички эшиклар билан секинлашиши мумкин.

Термобарик дронлар Украина ҳаво мудофаасини ортиқча юклаш учун “хўрак” дронлар билан бирга учирилади. Россия ҳарбийлари бу тактикани 2022 йилда ишлаб чиққан ва уни “Сохта нишон” операцияси деб атаган, дейди янги дронлар ишлаб чиқарилиши билан таниш бўлган АР манбаси. Термобарик дронлар билан бирга пенопласт ва латталар билан тўлдирилган дронлар учади. У турар-жой ҳудудига кирса, даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин, дея таъкидлайди AP манбаси.

Украиналик ҳарбий эксперт Сергей Бескрестновнинг таъкидлашича, термобарик дронлар ҳозирда Россия Украина шаҳарлари бўйлаб учираётган дронларининг 3-5 фоизини ташкил қилади. Бу дронлар Украина энергетика инфратузилмасини самарали тарзда йўқ қилишга қодир. 12 ноябрь куни Киев суд экспертизаси илмий-тадқиқот институти мутахассислари қолдиқларни кимёвий таҳлил қилиш орқали “Shahed-136” термобарик дронларидан фойдаланилганини тасдиқлади.

 

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.