Россия ва Ўзбекистон бош вазирлари Москвада музокаралар ўтказади
18 сентябрь куни Москвада Россия ва Ўзбекистон бош вазирлари Михаил Мишустин ва Абдулла Арипов икки давлат ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини ўтказади. Томонлар кенг кўламли масалаларни, жумладан, газ соҳасида ҳамкорликни муҳокама қилади, деб ёзади Kun.uz нашри.
Бош вазирлар савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-ҳуманитар ҳамкорликни, шунингдек, саноат, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларини муҳокама этиши кутилмоқда.
«Саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, фан ва таълим соҳаларидаги ҳамда томонларни қизиқтирган бошқа соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади», — дейилган Россия ҳукумати хабарида.
Қўшимча қилинишича, Тошкент ва Москва 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро иқтисодий ҳамкорлик комплекс дастурини амалга оширяпти. Энергетика икки томонлама ҳамкорликнинг асоси бўлади.
Хабарда Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги газ соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш Марказий Осиёнинг энергетик хавфсизлигини таъминловчи мамлакатларнинг ҳам миллий, ҳам минтақавий манфаатларига жавоб бериши айтилган.
Бўлажак йиғилиш материалларида кўрсатилишича, 2022 йил якунига кўра Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 8,7 миллиард долларга етган ва 2021 йилга нисбатан 26 фоизга ошган. Жорий йилнинг январ-июл ойларида бу кўрсаткич 14 фоиздан ортиқ ўсиб, 5,2 миллиард долларни ташкил этди.
Шарҳлар