Россияда 22 ёшли Ўзбекистон фуқаросига жиноий иш очилди
Санкт-Петербургнинг Невский туманида болани уриб юборган ҳайдовчига нисбатан жиноий иш очилди. Тергов маълумотларига кўра, у жабрланувчига бошқа мақсадда тегинган ва ёрдам бериш ҳақида ўйламаган.
Хабарга кўра, 7 сентябрь куни Тергов қўмитаси Криленко кўчасида 6 ёшли қизга нисбатан жинсий зўравонлик содир этилганлиги бўйича иш очган.
Воқеа 30 август куни кечки пайт, бола онаси билан ҳовлида сайр қилаётган пайтида содир бўлган. Велосипедда кетаётган қизни 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси бошқарувидаги “Volkswagen Polo” автомобили уриб юборган.
Кейинчалик ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеога кўра, ҳайдовчи воқеа жойида қолган. Кадрларда ёш йигит жабрланувчининг аҳволидан хавотирланган бошқалар билан бирга ерда ётган қизнинг ёнига ўтириб, унинг яланг оёқларига тегинган.
Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин видеони кўриб, ҳайдовчининг қўллари боланинг танасида рухсат этилган чегарадан ошиб кетганини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон фуқаросига нисбатан иш қўзғатишни ва ҳодисанинг ҳолатлари ҳақида хабар беришни буюрди.
Шарҳлар