Россияда содир бўлган ЙТҲда уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди
Россиянинг Пенза вилоятида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автомобил иштирокида ЙТҲ содир бўлди. Бу ҳақида Ўзбекистоннинг Қозондаги бош консуллиги хабар берди.
Ҳодиса 10 ноябрь куни эрталаб соат 4:00 атрофида Пенза вилоятидаги М-5 федерал автомагистралининг 738-километрида содир бўлган. Натижада уч киши воқеа жойида вафот этган, икки нафари касалхонага ётқизилган.
Турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган иккаласи ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлиб, улар Пенза вилоятидаги Кузнецк туманлараро касалхонасида даволанмоқда.
Бош консулхона ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари ҳалок бўлганларни ватанига қайтариш, жароҳатланганларга тиббий ёрдам кўрсатишни назоратга олди.
Пенза вилояти давлат автомобил инспекцияси маълумотларига кўра, ЙТҲда “КамАЗ” юк машинаси ва “Cobalt” русумли автомобил тўқнашган.
Натижада “Cobalt”нинг 1996 йилда туғилган ҳайдовчиси ҳамда икки нафар йўловчиси, 1980 ва 1965 йилларда туғилган эркаклар воқеа жойида ҳалок бўлган. 1995 йилда туғилган йўловчи ва яна бир эркак касалхонага ётқизилган.
Шарҳлар