Россиялик ёзувчи Захар Прилепин фикрлари юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги муносабат билдирди
Расмий муносабатда айтилишича, Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси О.Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига таклиф этилган. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар беряпти.
«2023 йил 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов таклиф этилди. Учрашув давомида Россия вакилига «Россия сегодня» матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда «Справедливая Россия – за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди», – дейилади хабарда.
Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.
Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Ўз навбатида, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлаган. Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида Элчи «Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган»лигини билдирган», – дейилади.
О.Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини таъкидлади.
Шарҳлар