Россиянинг Астрахан областида дайди итларни ўлдиришга рухсат берилди
Астрахан областининг Думаси томонидан маъқулланган қонун лойиҳаси кўчаларда тутилган дайди итларни ўлдиришга рухсат берди. Бу ҳақда ҳудудий парламент депутати Олег Шеин “Медиазона” нашрига берган интервьюсида маълум қилган.
Янги қонунга кўра, эгаси бўлмаган итлар кўчада ушланиб, улар 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатга вақтинчалик бошпаналарга жойлаштирилади. Итларни эгаларига қайтариш, соғлом ва хавфли бўлмаганларини бошпаналарга топшириш режалаштирилган. Фақат «ижтимоий хавфли» ва «яшашга қодир бўлмаган» итларни ўлдиришга рухсат берилади.
Қонунга кўра, «ижтимоий хавфли» итлар – бу бўйи 40 сантиметрдан ортиқ бўлган, баъзи зотларга ёки потенциал хавфли итларнинг аралаш зотларига тегишли бўлган, шунингдек, «асоссиз тажовузкорлик» кўрсатадиган итлардир.
24 декабрь куни “7х7” нашри Астрахан вилоятида дайди итларни йўқ қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳайвонлар ҳуқуқлари фаолларининг босимидан кейин қайтариб олингани ҳақида хабар берганди. Шеиннинг айтишича, аслида қонун лойиҳаси қисқа муддатга чақириб олинган ва жиддий ўзгаришларсиз қайта киритилган, у буни «аппаратнинг кичик манёври» деб тушунтиради.
Қонун лойиҳаси муаллифи Эвгений Дунаев “Кавказский узел” билан суҳбатида буни тасдиқлади: “Биз амалдаги қонун лойиҳасига ўзгартириш киритмасликка қарор қилдик. Мен янги версияни тақдим этиш учун уни вақтинча чақириб олдим”.
“Медиазона”нинг қайд этишича, дастлабки қонун лойиҳаси нафақат оғир касал ва “ижтимоий хавфли” ҳайвонларни, балки эгалари ташлаб кетган итларни ҳам ўлдиришга рухсат берган. Бироқ, тасдиқланган версияда ушбу банд Дума қарори билан чиқариб ташланган. Шу билан бирга, тушунтириш хатида «яшашга лаёқатсиз, ижтимоий хавфли ва кераксиз ҳайвонларни» йўқ қилиш имконияти ҳақидаги эслатма ҳам сақланиб қолган.
Июль ойида Владимир Путин дайди ҳайвонлар бўйича қарор қабул қилиш ваколатларини ҳудудий ҳокимиятларга топширганди. Ўшандан бери Олтой, Бурятия ва Магадан областларида итларни ўлдиришга рухсат берувчи қонунлар қабул қилинган.
Шарҳлар