Россиянинг Украина билан тинчлик шартномасида нималар келтирилган эди

Foto: BBC

Таҳлилий «Система» нашри журналистлари Россиянинг Украина билан тинчлик шартномаси бўйича илк таклифларини топиб, чоп этишди. Москва ушбу таклифларни Украинага ҳужум бошлангандан кўп ўтмай юборган. Бу ҳақида BBC хабар бермоқда.

«Система» нашрининг қўлига тушган ҳужжатни («Озодлик» радиоси таркибидаги, «хорижий агент» деб эълон қилинган) Россия делегацияси 2022 йил март ойи бошида Беларусдаги музокараларда Украина томонига топширган.

Текширув муаллифлари фикрига кўра, Россиянинг талаблари Кремл Украинани қандай давлат бўлишини истаганини аниқ кўрсатади. Ҳужжатни уларга Украина манбаси кўрсатган, унинг ҳақиқийлигини Россиядаги манба тасдиқлаган.

Дастлабки, музокараларда Россия делегацияси асосан Киевдан тўлиқ таслим бўлишни талаб қилган. Хусусан, Россия Украина армиясини 50 минг кишига қисқартиришни сўраган (бу 2022 йилгача Украина армиясидаги сонидан беш баробар кам).

Ҳужжат лойиҳасида армияга фақат тўртта кема, 55 та вертолёт ва 300 та танк қолдириш назарда тутилган, бу қўшни Беларус армиясидан ҳам кам.

Яна бир бандда Украина ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХРни Донецк ва Луганск вилоятлари маъмурий чегаралари доирасида тан олиши ҳамда 2014 йилдан бери давом этиб келаётган жанговар ҳаракатлар натижасида етказилган зарарларни қоплашни ўз зиммасига олиши талаб қилинган.

Шунингдек, Россия Украина рус тилини давлат тили сифатида тан олиши ва мамлакатда «нацизм устидан ғалаба» билан боғлиқ рамзларни тақиқловчи қонунларни бекор қилиши лозимлигини талаб қилган. «Система» ёзишича, бу Киев олиб бораётган декоммунизация сиёсатига зид ҳолда, Совет даври рамзларини яна қонунийлаштиришни англатган.

Москва, шунингдек, Украина ва халқаро санкцияларни бекор қилишни ҳамда 2014 йилдан бери берилган барча халқаро даъволарни қайтариб олишни талаб қилган.

2022 йилнинг апрель ойи бошида Истанбулдаги музокараларга келиб, талаблар сезиларли даражада юмшаган, чунки Россия армияси тезкор ғалабага эриша олмаслиги маълум бўлган эди. Бироқ, томонлар ўша вақтда ҳам келишувга эриша олмаган, BBC бу жараённинг нега муваффақиятсиз тугаганини батафсил ёритган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.