Россияда ишлаётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди

Фото: РИА

Сўнгги вақтларда Россияда ишлаётган Ўзбекистон фуқаролари орасида Интернетдаги эълонлар орқали катта пул эвазига маҳсулотни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бериш бўйича муаммолар юзага келмоқда.

Мурожаатлардан маълум бўлишича, норасмий курьерлик хизматларида наркотик ёки таъқиқланган моддалар солинган буюртмаларни етказиб бериш (закладка) таклиф қилинмоқда ва бунинг оқибатида полиция ходимлари томонидан улар ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилмоқда.

«Шу муносабат билан, юртдошлардан норасмий курьерлик хизматларида ишламасликни, катта миқдордаги пул эвазига шубҳали буюмларни бир манзилдан иккинчи манзилга етказиб бермасликни ёки маҳсулотни албатта текширишни сўраймиз», – дейилади хабарда.

Россия қонунчилигига кўра, наркотик моддаларни сотиш ёки етказиб бериш учун узоқ муддатли қамоқ жазоси белгиланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.