Россияда ўзбекистонлик фуқаро болаларни ахлоқсизликка ўргатгани учун ҳибсга олинди
Красноярск ўлкасининг Канск шаҳрида вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноят содир этганликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Тергов қўмитасининг Красноярск ўлкаси бўйича Бош тергов бошқармаси матбуот хизмати хабар беради.
Тергов маълумотларига кўра, 17 май куни маст ҳолатда бўлган 33 ёшли ўзбекистонлик уй ёнида болаларни пайқаб қолган.
У ўзининг жинсий эҳтиёжларини қондириш мақсадида 11 ва 14 ёшли қизлар ҳамда 13 ёшли ўғил болага нисбатан одобсиз ва шаҳвоний характердаги бошқа ҳаракатларни содир этган, дейилади хабарда.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари гумондорни қўлга олди. Шунингдек, эркак Россияда ноқонуний бўлганлиги ҳам маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 132-моддаси 4-қисми «б» банди (жабрланувчининг ночор ҳолатидан фойдаланиб, 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан жинсий характердаги бошқа ҳаракатлар) ва 135-моддаси 3-қисми (ахлоқсиз ҳаракатлар) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш масаласи ҳал қилинмоқда.
Шарҳлар