Рухсатнома йўқлигига қарамасдан Владимир Жонибеков ҳайкали жойлашган майдонда ишлар давом этмоқда (тўлдирилди)

Источник: Шухрат Латипов/«Газета.uz»

Ҳокимликнинг баёноти билан тўлдирилди.

14 февраль куни “Газета” нашри Тошкентдаги Космонавтлар майдонида Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар демонтаж қилинаётгани ҳақида хабар берганди. Бугун журналист Никита Макаренко, кеча Тошкент шаҳар Маданий мерос бошқармаси демонтаж ишлари рухсатномасиз бошлангани ҳақида маълум қилган бўлса-да, майдонда ишлар давом этаётгани ҳақида ёзмоқда.

Объектни келиб кўрган бошқарма ходимлари Тошкент ҳокимлиги объект атрофидаги мармарни алмаштиришни режалаштирганини ва маданий мерос объектига зарар етказилмаганини аниқлаган. Демонтаж билан шуғулланаётган Mimar Group компанияси огоҳлантириш олган. Ишлар тўхтатилган.

Қонунчиликка кўра, маданий-моддий мерос объектларида қурилиш ва таъмирлаш-реставрация ишларини ўтказишга фақат Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгаши маъқуллаганидан кейингина рухсат берилади.

Маълумот учун: «Космос» мажмуаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги қарори билан маданий мерос ёдгорликлари рўйхатига киритилган бўлиб, давлат томонидан қўриқланади.

Пойтахт ҳокимлигининг қайд этишича, Космонавтлар майдонида жойлашган Владимир Жонибеков ҳайкали атрофидаги гранит плиталар ҳозир авария ҳолатида.

«Тротуарлар ҳам таъмирлаш ишларига муҳтож, бу ерда пиёдаларга ноқулайликлар туғдирган ҳолда ёмғир суви тўпланиб қолади».

Маъмуриятдагиларнинг айтишича, малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ ёдгорликларни сақлаб қолган ҳолда майдонни реконструкция қилиш лойиҳасини ишлаб чиққан.

«Реконструкция жараёнида майдон замонавий шаҳарсозлик талабларига мувофиқ ободонлаштирилади, тротуарлар тўғирланади ва ҳудудни ободонлаштириш бўйича кўламли ишлар ўтказилади».

Ҳокимлик таъмирлаш ишлари жараёнида шаҳар аҳолисига ноқулайликлар яратгани учун узр сўраган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.