Сўнгги 6 ой давомида 101 ходим бахтсиз ҳодисалар туфайли ҳаётдан кўз юмди
Жорий йилнинг 6 ойи давомида 16 та ҳолатда мажбурий меҳнат аниқланиб, 135 нафар фуқаронинг меҳнат ҳуқуқлари тикланди, деб хабар бермоқда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ахборот хизмати.
Шунингдек, 13 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди ҳамда 3 та ҳолатда тегишли ҳужжатлар суд ва прокуратура органларига ўтказилди.
Ўтган давр мобайнида вазирликнинг комплаенс назорат хизмати томонидан тизимда 134 та коррупциявий хавф-хатар аниқланган ва ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан вазирлик, унинг таркибий ва ҳудудий тузилмаларида 98 та банддан иборат коррупцияга қарши кураш дастури тасдиқланди.
Шунингдек, шу йилнинг ўтган даврида 254 нафар ноқонуний ишдан бўшатилган ходим ишга тикланди. Ҳисобот даврида 7 минг 349 нафар фуқаронинг 31 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилган. Республика бўйича 2024 йилнинг 6 ойи давомида 387 та содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида 416 нафар ходим жабрланган, 303 нафари оғир ва 12 нафари енгил тан жароҳати олган, 101 нафари афсуски, ҳаётдан кўз юмган.
Бахтсиз ҳодисалар туфайли ходимлар ёки уларнинг оила аъзоларига 823 миллион сўмдан ортиқ товон пулларини ундириш юзасидан судларга даъво аризалар киритилиб, шундан 10 нафар фуқарога 274 миллион сўм ундириб берилди ва қолганлари бўйича жараён давом этмоқда.
Бахтсиз ҳодисаларнинг энг катта қисми, 26 % қурилиш соҳасига тўғри келган. 374 та ҳолатда корхонанинг фаолияти тўлиқ текширилиб ижроси мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар ҳамда 63 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида чора-тадбирлар белгиланиб, тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Шарҳлар