S7 авиакомпанияси Ўзбекистонга парвозларни номаълум муддатга бекор қилди
Россиянинг S7 авиакомпанияси 5 мартдан номаълум муддатга барча халқаро рейсларни бекор қилди. Бу ҳақда авиаташувчи сайтига таяниб UzReport ёзмоқда.
S7 баёнотида айтилишича, авиакомпания Россия расмийлари томонидан амалга оширилган парвоз чекловлари туфайли парвоз дастурини қисман қисқартиришга мажбур бўлган.
“Юзага келган вазият муносабати билан S7 Airlines 5 мартдан бошлаб барча халқаро рейсларни бекор қилишга мажбур. Халқаро рейсларни қайта тиклаш санаси белгиланмаган. Сайтимиздаги маълумотларни кузатиб боринг”, — дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, S7 Airlines авиакомпаниясининг, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларига ҳам парвозлари бекор қилинган. Авиакомпания Россия шаҳарларидан Ўзбекистонга (Тошкент, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Бухоро, Қарши, Навоий, Урганч), Қозоғистонга (Павлодар ва Нур-Султон), Қирғизистонга (Бишкек, Ўш ва Иссиқкўл), Тожикистонга (Душанбе, Хўжанд, Бохтар, Кўлоб) парвозларни амалга оширган.
Шу билан бирга, россиялик S7 йўловчилари ҳамкор компаниялар рейсларида ўз ватанларига қайтишлари мумкинлиги қайд этилди. Авиакомпания бекор қилинган халқаро рейслар йўловчиларига чипта нархи тўлиқ қайтарилишини ваъда қилмоқда.
“Агар чиптангиз бизнинг веб-сайтимизда ёки иловада харид қилинган бўлса ва сизга рейс бекор қилинганлиги ҳақида СМС келган бўлса, “Менинг бронларим” бўлимида чиптани ўзингиз қайтаришингиз ва алмаштиришингиз мумкин. Агар чипта кассада ёки бошқа сайтларда сотиб олинган бўлса, пулни қайтариш учун сиз чипта сотиб олинган жойдаги агентга мурожаат қилишингиз керак «, – дея аниқлик киритади компания.
Шарҳлар