Саида Мирзиёева Наманган вилоятига борди
Наманган вилоятининг Чуст туманида мактабгача таълим ташкилотидаги болалар билан содир бўлган заҳарланиш ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча керакли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Шунингдек, масалага жиддий эътибор берилган ҳолда бугун Ўзбекистон Республикаси президенти ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳолат билан яқиндан танишиш мақсадида Наманган вилоятига борди. Бу ҳақда у ўзининг телеграмдаги саҳифасида маълум қилган.
“Бугун биз Наманган вилоятига шахсан давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан етиб келдик. Вазиятни кўзимиз билан кўриш учун шифохонага бордик, болажонлар ҳолидан хабар олдик. Уларнинг кайфияти яхши, ҳаммалари аста-секин тузалишмоқда, кўпчилиги соғайгани учун уйига – оиласи бағрига қайтарилган”, – дейди Саида Мирзиёева.
Биз болаларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашдик, уларнинг ташвишига шерик эканимизни билдирдик.
Шундан сўнг боғча тарбияланувчилари билан содир бўлган ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказиб, вазиятни ва текширувнинг боришини муҳокама қилдик.
“Ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда, жараён назоратга олинган, натижаси ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.
Бугунги кунда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, иш Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилди”, – дейилади хабарда.
Шарҳлар