Саида Мирзиёева Қатар бош вазири билан кўришди
Доҳа шаҳрида Ўзбекистон Президентининг ёрдамчиси Саида Мирзиёева Қатар Бош вазири, Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ол Соний жаноби олийлари билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг тармоқлардаги саҳифалари орқали маълум қилган.
«Биз Ўзбекистон-Қатар муносабатларини ривожлантириш истиқболларини, шунингдек, келгуси тадбирлар жадвалини батафсил муҳокама қилдик.
Суҳбат чоғида ўзаро алоқаларимиз 2023 йили янги босқичга ўтгани таъкидланди. Самарқанд (2023 йил 5-6 июнь) ва Доҳа (2023 йил 2 октябрь) саммитлари тарихий аҳамият касб этиб, ҳамкорликнинг янги қирраларига эшик очди. Ўзбекистон билан Қатар ўртасидаги муносабатларда мутлақо янги давр бошланди, дея оламиз.
Биз ўзаро маданий-маърифий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдормиз. Қатарлик ҳамкорлар билан мустаҳкам ришталар боғланиб, қўшма лойиҳалар фаол амалга оширилади, деган ниятдамиз», – дейилади хабарда.
Шарҳлар