Салим Абдувалиев Қирғизистонда жазодан қочиш учун Ўзбекистонда жазоланган

Салим Абдувалиев. Фото: Jahongir Latipov / YouTube

Салим Абдувалиев Ўзбекистонда енгил модда бўйича ҳукм қилинган, бу унга Қирғизистонда жазодан қочиш имконини берган, деб ёзмоқда Озодлик радиосининг ўзбек хизмати манбаларга таянган ҳолда.

2024 йил мартида Тошкент суди Абдувалиевни ўқотар қуролни ноқонуний муомаласи бўйича иш юзасидан 6 йил колонияга ҳукм қилган (ЖК 248-моддаси 2-қисми). Уни контрабанда (ЖК 246-моддаси 1-қисми) бўйича ҳам айблашган, аммо бу модда бўйича иш муддати ўтиб кетганлиги сабабли ёпилган.

Нашр маълумотларига кўра, маҳкумни ҳали ҳам колонияга жўнатишмаган. «Яқинда Салим Абдувалиевнинг ўғли Жасур отаси билан учрашди. У отасининг аҳволи яхшилигини, аммо анча озиб қолганини айтди», – деди унинг қариндоши. – Уни нима учун колонияга ўтказишмаётгани менга номаълум. Ҳокимият уни қаерда сақланаётганини ҳеч кимга айтмаяпти. Буни сир тутишмоқда».

Бошқа манба Салим Абдувалиев Давлат хавфсизлик хизматининг тергов марказида эканлигини, уч ҳафта олдин эса адвокат уни юрак ишемик касаллиги туфайли Ўзбекистон Жазони ижро этиш бош бошқармасининг маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхонасида кўрганини таъкидламоқда.

Қирғизистонда Абдувалиев Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Эмил Жамгирчиевнинг чегарани ноқонуний кесиб ўтиши иши бўйича иштирокчи бўлиб ўтган. Тергов версиясига кўра, депутат 2022 йилда мамлакат президенти Садир Жапаров ва Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисига суиқасд қилиш учун нуфузли шахсдан «қўллаб-қувватлаш топиш» мақсадида ноқонуний равишда Ўзбекистонга ўтган. Кейинчалик буни Жапаровнинг ўзи тасдиқлаб, Жамгирчиев иши бўйича тергов МХДҚ ходимлари томонидан Ўзбекистон махсус хизматлари билан биргаликда олиб борилганини қўшимча қилди. Қирғизистон Абдувалиевни халқаро қидирувга эълон қилган.

Ҳокимиятга яқин Озодлик радиоси манбасининг таъкидлашича, Абдувалиевни гўёки қирғиз жиноий обрўли шахси Камчи Кольбаев (Камчибек Асанбек) ўлдирилган махсус операциядан олдин Қирғизистон ва Ўзбекистон президентлари муҳокама қилишган. Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, шундан сўнг Ўзбекистонда рейдлар ўтказилган, натижада мамлакатда жиноий гуруҳларнинг ўнлаб аъзолари қамоққа олинган.

2016 йилги Ўзбекистон президентлик сайловларида Салим Абдувалиев ҳозирги мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев учун тарғибот олиб борган. Хусусан, интернетда Абдувалиев Мирзиёевнинг портрети ва «Мирзиёевга овоз берамиз» ёзуви туширилган футболкада ўтирган сурати пайдо бўлган.

«Салим-бойвачча» («Салим-бой») номи билан танилган Салим Абдувалиев қамоққа олинишига қадар Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимини жамоатчилик асосида эгаллаган.

Қирғизистонда Абдувалиев ва Кольбаев билан алоқалари учун парламентнинг собиқ депутати Салайдин Айдаров ва тадбиркор Жалил Атамбаев қўлга олинган. Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Айдаров «Ўзбекистон жиноий олами лидери Абдувалиевга ҳар томонлама ҳурмат кўрсатган, у эса, ўз навбатида, Айдаровнинг Ўзбекистондаги бизнесини қўриқлаган» деб ҳисоблайди. Айдаровнинг укаси Нургазини Бишкек Абдувалиевни молиялаштириш иши бўйича қидирувга эълон қилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.