«Самарқанд» аэропорти 10 декабрдан ўз фаолиятини бошлайди
«Самарқанд» халқаро аэропорти 10 декабрдан минтақавий ва халқаро қатновларга хизмат кўрсатишга тайёр, дея хабар беради Uzbekistan Airports компанияси.
Айни пайтда, узунлиги 3 105 метр ва кенглиги 60 метрлик учиш-қўниш йўлаги, самолётлар учун 24 та тураргоҳ, учиш йўлакчаси ва перронни ўз ичига олган янги аэродром комплекси қурилиши тўлиқ якунланди. Шунингдек, аэродром мажмуасида ИКАО иккинчи тоифасига мос келадиган, замонавий, энергия тежовчи ёруғлик сигнализация ускуналари ва қўниш тизими ўрнатилган. Аэровокзал мажмуасининг қурилиши давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, «Самарқанд» аэропорти 20 октябр куни янги аэродром мажмуасини ишга туширишга тайёргарлик кўриш муносабати билан ёпилган эди. Авиарейслар республиканинг бошқа – «Навоий», «Бухоро», «Қарши» халқаро аэропортларига вақтинча йўналтирилиб, йўловчилар учун Самарқандгача ер усти қатнови ташкил қилинган эди.
Шарҳлар