Самарқанд илк бор ЮНВТО Бош Ассамблеясининг сессиясини қабул қилади
Жорий йилнинг 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессияси бўлиб ўтади. Ўзбекистон илк бор ЮНВТО сессияси меҳмонларига мезбонлик қилади, дея хабар беради Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг матбуот хизмати.
Тадбирда томонлар туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларини ялпи мажлислар ва бошқа бир қатор йирик анжуманларда муҳокама қиладилар. Жумладан, ЮНВТО доирасида ташкил этилиши режалаштирилган Инвестиция форумида мамлакатимизга мақсадли ва манзилли сармояларни жалб этиш, Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида инвестициялар ҳажми юқори бўлган объектлар, ҳудудлар, салоҳиятли лойиҳаларни тақдим этиш бўйича бизнес келишувларига эришиш кутилмоқда.
Сессия доирасида Таълим форуми ҳам бўлиб ўтади. Бундан ташқари, ЮНВТО тадбир доирасида йилнинг энг яхши сайёҳлик қишлоқларини эълон қилади. Бунинг учун бутун дунёдан сайёҳлик қишлоқлари аҳолининг анъанавий турмуш тарзи ва қадриятларини сақлаб қолган ҳолда минтақанинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик барқарорлигини таъминлашга қаратилган ривожланиш ва фаровонликни таъминлайдиган ривожланган туризм сектори билан танланади.
Тадбир дунёнинг 160 га яқин давлатидан туризм соҳасида фаолият юритувчи давлат органлари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, туризм бизнеси вакилларини бирлаштиради. Бугунги кунга қадар Самарқандга Саудия Арабистони, Албания, Озарбайжон, Багама ороллари, Баҳрайн, Гватемала, Гаити, Кот-д’Ивуар, Индонезия, Монако, Нигер, Панама, Португалия, Сьерра-Леоне, Украина, Уругвай ва Яман каби давлатларнинг туризм ташкилотлари, департаментлари раҳбарлари келиши кутилмоқда.
Шарҳлар