Самарқанд, Навоий ва Андижон 631.7 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдаланилган

Foto: Departament

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Ургут тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда тумандаги “О.А.” фермер хўжалиги раҳбари О.Х. “Янги ариқ” каналидан сув олиш учун ўрнатилган сув насосининг электр ҳисоблагичига ташқи таъсир ўтказиб, тижорат мақсадида жами 345,6 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган. Бу ҳақида Департамент матбуот хизати хабар бермоқда.

Шу каби, Департаментнинг Навоий вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “Й.О.” фермер хўжалиги масъул шахслари тижорат мақсадида хўжаликка қарашли ер майдонида электр сув насосларини тармоққа тўғридан-тўғри улаб, 156,1 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганликлари аниқланган.

Департаментнинг Балиқчи тумани бўлими, “Ўзэнергоинспекция” вилоят бошқармаси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро М.А. тижорат мақсадида “Яккатол” МФЙ ҳудудидаги 2 гектар ер майдонида сув насосини умумий фойдаланишдаги электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб, 130 млн сўмлик энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.