Самарқанд вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг собиқ раҳбари «Док-1 Макс» иши бўйича ҳибсга олинди

Фото: samdu.uz

Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг собиқ бошлиғи Давронбек Жуманиёзов Ўзбекистонда камида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига тегишли дорилар, жумладан «Док-1 Макс» сиропи иши доирасида ҳибсга олинган. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Daryo нашрига таянган ҳолда ёзади.

Бу ҳақда «Док-1 Макс» иши бўйича Тошкент шаҳрида кўрилаётган суд ишида судья Мусо Юсупов судланувчилардан бирининг сўровига жавобан маълум қилган. Аввалроқ, ушбу айбланувчи сироп ҳақида жамоатчиликни хабардор қилган самарқандлик шифокорлар ва вилоят ССБ бошлиғини судга чақириб, уларнинг кўрсатмасини олиш бўйича илтимоснома киритганди.

«Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғига нисбатан бу бўйича қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Қўшимча жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда», — дея таъкидлади судья.

Аввалроқ прокуратура Ўзбекистонда 65 боланинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиндистоннинг йўтал сиропини тарқатувчилар маҳаллий амалдорларга мажбурий текширувдан ўтказмаслик учун 33 минг доллар пора берганини билдирган эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.