Самарқанд вилоятида газни талон-тарож қилган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди
Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Самарқанд газ тўлдириш станцияси”дан доимий равишда аҳоли хонадонларига ажратилган имтиёзли нархдаги суюлтирилган углеводородли газни яширин равишда талон-торож қилиб келган жиноий уюшма фаолияти фош этилди. Тезкор маълумотларга кўра, мазкур жиноий уюшмага бир қатор мансабдор шахслар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари раҳнамолик қилиб келган. Бу ҳақда ЎзА вилоят прокуратурасига таянган ҳолда ёзади.
Самарқанд вилояти прокуратурасининг хабарига кўра, ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “в” банди билан қўзғатилган жиноят иши терговининг биринчи кунида 6 нафар жиноий уюшма аъзоларига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу рақамлар кўлами кенгайиши кутилмоқда, – дейилади хабарда.
Гумондорлар “Нуробод газ сервис” масъулияти чекланган жамиятига қарашли “DAF” русумли 20 тонна сиғимли юк автомашинасидан фойдаланишган.
Жиноят иши тергови шахсан Самарқанд вилояти прокурори Р.Машарипов назоратига олингани хабар қилинмоқда. Вилоят прокурори жиноятни фош этишга яқиндан кўмак берган 10 нафар шахсга ташаккурнома эълон қилди.
Шарҳлар