Самарқанд вилоятида суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш натижасида бир киши жабрланди (+)
9 май куни соат 21:25 да Самарқанд вилояти Пахтачи тумани “Янгиобод” МФЙда жойлашган аҳолига суюлтирилган газ қуйиш шахобчаси ҳудудида ёнғин портлаш содир бўлаётганлиги тўғрисида ФВ бўлимига хабар тушган.
Шунга кўра 5 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб бориб, ёнғинни соат 22:30 қуршаб олган ва соат 23:00 да бартараф этган.
Дастлабки маълумотларга кўра ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро тан жароҳати олган.
Ёнғин натижада газ қуйиш шохобчаси ҳудудида бўлган 3 та “ИСУЗУ” русумли автомашина ва уларда сиғими 50 литрли суюлтирилган углеводород газлари бўлган баллонлар ёниб зарарланган.
Ҳодиса шахобчадаги “МАН” русумли суюлтирилган газ ташувчи автомашинадан газни захира сиғимига бўшатиш жарёнида техника хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши оқибатида юзага келганлиги тахмин қилинмоқда.
Тўлдирилди: Мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 1-қисми билан (газ қуйишни амалга ошириш учун масъул шахс томонидан ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш, натижада баданга ўртача ёки оғир шикаст етказиш) жиноят иши қўзғатилган.
Суд-тиббий, ёнғин-техник ва суд-баҳолаш экспертизасини ўтказиш белгиланди.
Шарҳлар