Самарқанд вилоятидаги тураржой биносида газ портлаши содир бўлди: жабрланганлар бор
Самарқанд вилоятидаги кўп қаватли уйлардан бирида газ-ҳаво аралашмасининг алангаланиши содир бўлди, дея хабар беради вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг матбуот хизмати.
Воқеа 9 сентябрь куни кечқурун, тахминан соат 17:30 да Беруний кўчасидаги уйнинг учинчи қаватидаги хонадонлардан бирида содир бўлган. Икки киши жароҳат олиб, касалхонага ётқизилган.
Хабар қилинишича, газнинг алангаланиши ёнғинга сабаб бўлмаган.
Воқеа жойига зудлик билан вилоят ва шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ), ўт ўчириш бўлинмалари вакиллари, Ички ишлар бошқармаси, прокуратура, газ хўжалиги (“Ҳудудгазтаъминот”) ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари етиб келган.
Ҳозирда портлаш сабабларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар