Самарқандда “Адолат” партиясининг депутати қидирилмоқда

Источник: партия "Адолат"

Самарқанд вилоятида “Адолат” социал-демократик партиясининг депутати Шохруххон Холмаматов қидирувга эълон қилинган. Депутат Жиноят кодексининг 105 (қасддан ўртача оғирликдаги тан жароҳатини етказиш), 206 (ҳокимиятни ёки давозимий ваколатларини суиистеъмол қилиш) ва 229-моддаларида (Ўзбошимчалик) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, депутат ва ўриндошлик бўйича Пастдарғом тумани “Тўқбой” маҳалла фуқаролари йиғинининг раиси бўлган Холмаматов ўз мансабидан фойдаланиб “жисмонан бақувват бўлган ўз қариндошларидан иборат” жиноий гуруҳни ташкил қилган, “уларнинг орасида аввал қасддан жиноят содир этган шахслар ҳам бўлган”.

Ушбу жиноий гуруҳ шу йил январь ойида пул талаб қилиш ва “маҳаллада ўз обрўсини кўрсатиш” мақсадида одамлар олдида фуқаро Б.М.ни калтаклаган ва камситган ҳамда жабрланувчининг 1500 АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағларини ўзлаштирган.

17 июнь куни Шохруххон Холмаматов Пастдарғом туман Халқ депутатлари кенгашининг қарори билан депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган.

Терговга келмагани муносабати билан прокуртуранинг илтимосига биноан Самарқанд вилоят Нуробод туман жиноят ишлари бўйича суд 23 июнь куни депутатга нисбатан сиртдан ҳибсга олиш кўринишидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақида ажрим чиқарган.

Ҳозир қидирувга берилган депутатни ушлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича “Эзгулик” жамияти таҳририятга ҳужжатларни тақдим этган бўлиб, депутат томонидан тергов органларини назар-писанд қилмаслик ҳолати бўйича ташвиш билдиряпти.

Мирзо Субханов

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.