Самарқандда қиймати 135 млрд сўмлик халқаро автовокзал қурилмоқда
Самарқанддаги Чўлпон ота тепалигида йирик халқаро автовокзал қурилмоқда, деб ёзади Spot.uz ЎзАга таяниб.
Қурилаётган автовокзалнинг умумий майдони 6 гектарни ташкил қилади. Мажмуа ҳудудида кутиш зали, касса, умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти, кўнгилочар марказлар ва бошқа объектлар жойлашган уч қаватли автовокзал биноси қурилмоқда.
Мажмуанинг ўзида меҳмонхоналар, автобуслар, микроавтобуслар ва енгил автомобиллар учун тўхташ жойлари, йўналишсиз такси зоналари, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш қурилмаларини барпо этиш ишлари давом этмоқда.
SXF Camping компаниясининг бошқарувчиси Шохрух Рафиевнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 135 миллиард сўмни ташкил этади. Қурилиш ишлари ўтган йили бошланган. Уларни жорий йил охиригача якунлаш режалаштирилган.
Халқаро автовокзал Самарқандни мамлакатимизнинг барча ҳудудлари билан боғлайди. Бундан ташқари, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларга автобус йўналишларини йўлга қўйиш режалаштирилган. Самарқанд автовокзалидан юздан ортиқ автобус, 200 та микроавтобус ва 300 та енгил автомобиль қатнаши кутилмоқда.
Бундан ташқари, SXF Camping компанияси бутун Ўзбекистон бўйлаб 12 та автовокзал тармоғини қуришни ҳам режалаштирган.
Шарҳлар