Самарқандда янги туғилган чақалоғини 50 млн сўмга сотишга уринган аёлга қамоқ жазоси белгиланди
Самарқанд вилояти Оқдарё туманида ўзининг 3 кунлик чақалоғини 50 млн сўмга сотиб юбормоқчи бўлган аёл 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Унга ўқилган суд ҳукми Sevimli телеканалининг Zamon информацион дастуридаги лавҳада эълон қилинди, деб ёзади “Газета.уз” нашри.
Суд ҳужжатларига кўра, аёл биринчи турмуш ўртоғи билан ажрашган ҳолда, бошқа йигитдан ҳомиладор бўлиб, буни яқинларидан яшириш мақсадида туғилажак фарзандини Самарқанд туманида яшовчи аёлга 50 млн сўм эвазига сотишга келишган. 2023 йил 5 июнь куни аёл пулларни олаётган вақтида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланган.
«У бола менга уйланмай кетиб қолгани учун [болани] майли бераман, дедим. [Йигит] 8 йилдан бери фарзандим йўқ, бўлмаяпти, деганди… Ота-онамнинг юзини ерга қаратиб қўйдим. Мени кечиринглар», — дея таъкидлади судланувчи аёл. Судда боланинг харидори чақалоқ туғилгунча у билан доимий алоқада бўлиб турганини айтди.
«…Улар қорнидаги фарзандларини бизга сотишга рози бўлди. У туғилса, берасизми дедик. Ҳа, бераман, деди. Кейин хўжайиним шундай берасизми, деди. Бу киши шундай эмас, 50 млн сўм берасиз, деб айтган. Туққандан сўнг телефон қилди», — дейди чақалоқ харидори.
Суд келтирилган асосларни ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (18 ёшга тўлмагани айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси) ва 57-моддасига (Енгилроқ жазо тайинлаш) асосан аёлни 5 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди.
Шарҳлар