Самарқандда эҳтиёжмандларга мўлжалланган 50 тонна кўмирни ноқонуний сотаётганлар қўлга олинди
Самарқанд вилоятида “Кўмиртаъминот” МЧЖнинг Самарқанд филиали “Мароқанд” кўмир омбори мудири Ж.П. томонидан эҳтиёжманд оилалар учун имтиёзли нархларда тарқатилиши лозим бўлган 50 тонна кўмирни қалбаки ҳужжатлар асосида ноқонуний сотишга уриниш аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ж.П. мазкур кўмирни фуқаро A.A.ga 37,5 миллион сўмга сотишга келишган. Шу жумладан, омбор қоровули Х.Ж. ёрдами билан 13,2 тонна кўмирни етказиб бериб, шундан 28 миллион сўмни олишга улгуришган вақтида ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ёки улардан фойдаланиш) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари давом этмоқда.
Шарҳлар