Самарқандда N.I.C.E. Италия кинофестивали очилди
1 ноябрь куни Самарқандда XVI Верона Евроосиё иқтисодий форуми маданий дастури доирасида илк бор N.I.C.E. (New Italian Cinema Events) Италия кинофестивали очилди. (Янги Италия киноси воқеалари).
Фестивалнинг мақсади Италиянинг юқори сифатли дебют фильмларини тарғиб қилиш ва экспорт қилишдан иборат. Фестиваль 1988 йилдан бери АҚШ, Россия (1998-2021) ҳамда Европа ва Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларида ўтказиб келинмоқда.
Фестивални унинг бош директори Вивиана дель Бьянко очиб берди.
Меҳмонларни Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов ва Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобиловлар кутиб олди.
Очилиш маросимида Верона иқтисодий форумининг ҳамташкилотчиси Антонио Фаллико, “Узоқ пойга” (“La lunga corsa”) фильмининг режиссёри Андреа Магнани ва бошқалар сўзга чиқди.
Италиялик эстрада юлдузи Аль Бано ўз ижроси билан йиғилганларни хушнуд этди.
Тадбирдан эсдалик сифатида Вивиана дель Бьянкога Тошкент халқаро кинофорумининг ҳайкалчаси топширилди.
Фестивалнинг биринчи оқшомида “Узоқ пойга” фильми намойиш этилди – у қамоқхонада қамалган онасининг ёнида туғилиб ўсган йигитнинг ҳаяжонли, кулгили ва ибратли ҳикоясидир.
Шунингдек, таниқли режиссёр Олтин Пальма шохи мукофотининг совриндори Нанни Мореттининг «Аманда» (режиссёр Каролина Кавалли) ва “Келажак қуёши” (“Il col della avvenire”) фильмлари ҳам намойиш этилиши кутилмоқда. Фильмлар асл тилда (итальянча) ўзбек тилидаги субтитрлар билан намойиш этилади.
Фестиваль 4 ноябрь куни “Узоқ пойга” фильмининг қўшимча бепул намойиши билан якунланади.
Шарҳлар