Самарқандда Россия Бош консулхонаси очилади

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари ўртасида Россия Федерациясининг Самарқанд шаҳрида Бош консулхонасини таъсис этиш тўғрисидаги битим имзоланди. Ҳужжат 6 октябрь куни Шавкат Мирзиёев ва  Владимир Путиннинг Москвада бўлиб ўтган музокаралари якунлари бўйича қабул қилинди.

Россиянинг Самарқандда Бош консулхонасини очиш режаси ҳақида ўтган йил охирида хабар берилган эди.

Давлат раҳбарлари Кенг кўламли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнотни қабул қилдилар.

Президентлар иштирокида икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида имзоланган жами 10 та ҳужжат алмашилди.

Имзоланган ҳужжатлар:

  • Темир йўл орқали нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ҳукуматлар ўртасидаги келишув;
  • Нефть етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги ҳукуматлар ўртасидаги келишув;
  • Россия Федерациясининг Самарқанд шаҳрида Бош консулхонасини таъсис этиш тўғрисида ҳукуматлар ўртасида келишув;
  • Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда РФ Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ўртасида «Агроэкспресс» тезюрар темир йўл ташишларини ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда «Курчатов институти» Миллий тадқиқот маркази» федерал давлат бюджет муассасаси ўртасида илмий ва илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
  • Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси ҳамда Ф Федерал божхона хизмати ўртасида ваколатли иқтисодий операторнинг тегишли институтларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим;
  • Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда РФ Миллатлар масалалари бўйича федерал агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандуми;
  • Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда РФ Фан ва олий таълим вазирлиги ўртасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги келишувларни амалга ошириш бўйича 2023−2025 йилларга мўлжалланган қўшма ҳаракатлар режаси;
  • Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024−2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
  • «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Россия темир йўллари» компаниялари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ўзаро англашув меморандуми.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.