Самарқандда туристларга нисбатан электрошокер қўлланди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳрида ИИБ ходимлари ва сайёҳлар ўртасида келишмовчилик содир бўлгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат бўйича ИИВ муносабат билдирди, деб ёзади UzNews нашри.
Воқеа Самарқандда 20 майдан 21 майга ўтар кечаси содир бўлган.
«Самарқанд шаҳрида тунги хизматга жалб этилган Самарқанд шаҳар ИИБ Патруль-пост хизмати ходимлари Мирзо Улуғбек кўчасида Қозоғистондан Ўзбекистонга меҳмонга келган сайёҳларни шахсини текшириш жараёнида қўпол муносабатда бўлиб, хизмат вазифасини ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганлар», – дейилади хабарда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик хизмати томонидан прокуратура органлари билан ҳамкорликда хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Текширув якунига кўра, қонунчиликка зид ҳаракат қилган барча ходимларнинг ҳамда фаолиятга масъул раҳбарларининг хизматдан бўшатилиши ва жавобгарлик масаласи кўриб чиқилади.
«Газета.uz» нашри жабрланган фуқаролардан бирининг (тахминан аёл киши) аризасини келтиради, унга кўра, тахминан соат 3:30 лар атрофида жабрланувчи турмуш ўртоғи ва дўстлари билан «Тож Маҳал» ресторани яқинида меҳмонхонага етиб олиш учун такси кутаётганида икки нафар ички ишлар ходими келиб, шахсни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишни сўраган.
«Паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаларини тақдим этганимиздан сўнг, бизни бўлимга боришимизни талаб қилишди. Сабабини тушунтиришни сўраганимизда эса ходимлар ШҲТ саммити олдидан қўйилган режани бажариш зарурлигини айтишди. Биз ҳужжатларни тақдим этдик, жамоат тартибини бузмадик, қонунга зид ҳаракатлар қилмадик ва мазкур сабаб ҳуқуқий асосга эга бўлмаганлиги сабабли биз бўлимга боришдан бош тортдик», — дейилади аризада.
Шундан сўнг, ходимлар туристларга комендантлик соати қоидаларини бузаётганини рўкач қилишган. «Тегишли қарорни асос қилиб кўрсатишларини сўраганимизда эса рад жавобини олдик. Шундан сўнг воқеани телефонга суратга олишга қарордик қилдик. Шундан сўнг қўпол равишда суратга олишни тўхтатишни талаб қилишди, ундан кейин телефонларни олиб қўйишга уринишди. Шундан кейингина милиция ходимлари ёрдам чақиришди», — дейди шикоятчи.
Иккинчи патруль машинаси етиб келгач эса куч ишлатиш ва автомобилга ўтирғизишга ҳаракат бошланган, бунга қаршилик кўрсатилганда эса электрошокердан фойдаланишга ўтилган. Жами уч киши — қозоғистонлик бир нафар ва ўзбекистонлик икки нафар фуқаронинг қўл, оёқ, елка ва танасининг орқа қисмларига электрошокер билан зарба берилгани айтилади.
«Турмуш ўртоғим ва дўстларимнинг олдини олишга уринганимда мени қаттиқ итариб юборишди. Куч ишлатиш йўли билан икки кишини машинага тиқишга эришишди. Шундан сўнг, мен ва турмуш ўртоғим ҳам бўлимга боришга мажбур бўлдик», — дейилади аризада.
Воқеалар ривожи давомида сайёҳлар ички ишлар бўлимига олиб борилган ва ҳужжатлари, шахсий буюмлари олиб қўйилган. «Ўзини масъул деб таништирган ходимлардан бири бизни видеоларни ўчиришга ва ишни мураккаблаштирмасликка кўндирди», — деб ёзади фуқаро. Бўлимда ходимлар паспортларни қайта ва қайта текширишгач, 2 соат ушлаб туриб, кейин кетишга рухсат беришган.
Фуқароларнинг туман ИИБ бошлиғини чақириш ҳақидаги талаби рад этилган, шифохонада эса жароҳатларни қайд этишни исташмаган. Шундан сўнг улар, Самарқанд прокуратурасига боришган ва у ерда суд тиббий экспертизасини ўтказишга йўлланмани олишган. Суд тиббий экспертизаси жароҳатларни қайд этиб, «уларни тасдиқловчи бирор ҳужжатни тақдим этмаган, буни эса прокуратурага ўзлари етказиб бериш» билан асослашган.
Кейин сайёҳларнинг ўзлари жароҳатларни суратга олишганини айтиб, мазкур воқеа юзасидан тергов ўтказишни сўраган.
Шарҳлар