Самарқанддаги аквапаркда раққосалардан таҳлил олиниб, улар билан суҳбат ўтказилди
Ижтимоий тармоқларда аквапаркда сузиш кийимида рақсга тушган қизлар акс этган видео пайдо бўлди. Видеони чоп этган каналлардан бири унга “Бу Европа эмас, бизнинг Самарқанд” деб ёзиб, «даҳшат» ва «мана шундай» тегларини қўшган. Бу ҳақда «Газета» нашри ёзади.
Видео 16 июнь куни Самарқанд туманидаги «Вавилон» аквапаркининг очилишига бағишланган тадбирда суратга олингани ҳақида Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар қилади.
Хабарда айтилишича, фуқаро Д.Насимов “оммавий тадбирлар ўтказиш қоидаларини қўпол равишда бузиб, 2 мингга яқин киши иштирокида оммавий тадбир ташкил этган”.
“Аниқланишича, тадбирда бир гуруҳ раққосалар жамиятда ўзини тутиш қоидаларига эътибор бермай, ярим яланғоч ҳолда одобсиз рақсларни ижро этишган”, — дейилади хабарда.
Тадбир ташкилотчисига нисбатан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлари бўйича туман судига тақдим этилди, дея таъкидлайди ИИБ.
“Беадаб рақс ижрочилари тери-таносил касалликлари текширувидан ўтказилди, улардан ОИТС ва ОИВ инфекцияси бор-йўқлигини аниқлаш мақсадида қон таҳлиллари олинди, ва улар билан тушунтириш ишлари олиб борилди”, — дея маълум қилади бошқарма.
Шарҳлар