Самарқандга учаётган самолёт фавқулодда қўнишни амалга оширди
Санкт-Петербург-Самарқанд йўналиши бўйича AFL-2870 рейсини амалга ошираётган, бортида 56 та йўловчиси бўлган “Аэрофлот” авиакомпанияси ҳаво кемаси маҳаллий вақт билан соат 10:50 да йўловчилардан бирининг саломатлиги ёмонлашгани ва унга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш зарурлиги сабабли, Қозоғистонниг Қизилўрда аэропортига фавқулодда қўнишни амалга оширди, дея хабар беради Uzbekistan Airports компанияси.
«Дастлабки маълумотларга кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган йўловчида юрак хасталиги хуружи аломатлари кузатилган. Экипаж самолётни энг яқин аэропортда қўндиришга қарор қилган», – дейилади хабарда.
Самолёт аэропортга қўнгач, йўловчи тез тиббий ёрдам машинасида малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун тиббиёт муассасасига олиб кетилган.
Тошкент вақти билан соат 12:20 да, бортида 55 та йўловчиси бўлган “Аэрофлот” авиакомпаниясининг самолёти Самарқанд аэропортига қўнган.
Шарҳлар