Самарқандда қадимий мадраса ва буюк алломалар қабри ўрнида меҳмонхона қурилмоқдами
«Самарқанд шаҳрида жойлашган қадимий мадраса ва буюк алломалар қабри жойлашган қабристон бузилиб, ўрнига тадбиркор томонидан меҳмонхона қурилаётгани»ҳақидаги хабарлар юзасидан Маданий мерос агентлигининг ахборот хизмати расмий муносабат берди.
Самарқанд шаҳрининг «Дари Занжир» маҳалласида жойлашган собиқ 15-мактаб биноси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги 846-сонли қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари Миллий рўйхатида қайд этилмаган.
Объект ҳудудида ҳеч қандай қабристон мавжуд бўлмаган. Аммо, бино ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд шаҳрининг тарихий-меъморий қўриқхона ҳудудида жойлашган.
«Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 июндаги 5150-сон қарорнинг 4-банди, иккинчи хатбошида «Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари маданий мерос Агентлиги билан мажбурий тартибда келишилади» дея белгиланган», – дейилади хабарда.
Самарқанд шаҳрида жойлашган собиқ 15-мактаб биносини тадбиркор А.Н. ер электрон аукцион танловида ютиб олган. Хусусий тадбиркор ҳудудда икки қаватли меҳмонхона қуриш юзасидан лойиҳани амалга оширишга рухсат олиш учун Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгашига тақдим этган. Агентлик ўз ваколатлари доирасида Ромитан кўчаси 56-манзилда қурилиши мўлжаллаган меҳмонхона лойиҳани 7,6 метр юқори бўлмаган баландликда қуриш шарти билан маъқуллаган.
Ҳозирги вақтда фуқаро А.Н. томонидан олиб борилаётган қурилиш ишлари тегишли идоралар билан келишилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Шарҳлар