Санкт-Петербургда Россия фуқаролигига қабул қилинаётган 15 нафар шахсга “военкомат”га чақирув қоғози берилди
Санкт-Петербургда Россия фуқаролигини қабул қилиш маросимида 15 нафар эркакка ҳарбий хизматга чақирув варақаси топширилди. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлигининг шаҳар бўйича бошқармаси матбуот хизмати хабар беради. Тадбир Ички ишлар вазирлигининг Невский тумани бўлимида бўлиб ўтган.
Унда “қўшни давлатлардан келган 15 нафар фуқаро” “давлат эркинлиги ва мустақиллигини ҳимоя қилишга” қасамёд қилди”, — дейилади хабарда. Шундан сўнг уларга ҳарбий хизматга ҳисобга қўйиш ва ҳарбий хизматга чақириш бўлимлари вакиллари томонидан ҳарбий хизматга чақирув қоғозлари топширилган.
20 декабрь куни ҳам худди шу тарзда фуқароликни қабул қилиш маросимида яна 11 нафар хорижлик чақирув қоғози олган ва бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берганди.
2022 йилда Орел вилоятида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳарбий хизматга чақирув қоғози олгани ҳақида ёзган эдик.
Шарҳлар