Сардор Раҳимхон – “Вақф” фонди раҳбари ўринбосари этиб тайинланди
Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви аъзоларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда келгусидаги режалар ва ташкилий масала кўрилди. Бу ҳақда фонд ахборот хизмати хабар беряпти.
Фонд бошқаруви раҳбари Исахон Абдуллаев томонидан ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш, ногиронларга меҳр кўрсатиш, камбағал оилалар ҳолидан хабар олиш, қудуқ қазиш ҳамда илм-фанга оид инновацион лойиҳалар ҳамда талабаларни қўллаб-қувватлаш каби хайрия ишларини кенгайтиришга алоҳида урғу қаратилди.
«Йиғилишда ташкилий масала кўрилган. Фонднинг хайрия акцияларини оммалаштириш мақсадида, меҳр-мурувват ишларини уюштириш, ногирон болаларга ёрдам қўлини чўзиш ва синовли кунларда кўнгли ярим инсонлар қалбига йўл топишда «Юрак амри» номли хайрия ишлари билан танилган Сардор Раҳимхон (Санжар Раҳимов) Фонд раҳбари ўринбосари – “Вақф” хайрия ишлари бўйича директор лавозимига тайинлангани эълон қилинди», – дейилади хабарда.
Унинг лойиҳаси 2020 йилда Ўзбекистонда бошланган пандемия даврида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат тарқатиш учун ташкил топган. 2022 йилнинг апрель ойида фонд «Жаннатдаги қасрлар 25+» лойиҳаси орқали 30 та хонадон қуриб, муҳтожларга топширган.
Май ойига келиб хайрия фонди вақтинча ёпилган. Ўшанда Сардор Раҳимхон қарор ортидан хатоларни ислоҳ қилиб, расмий фаолиятга тайёргарлик кўриш мақсад қилинганини таъкидлаганди.
Шарҳлар